Спирт маҳсулотларининг қонунга хилоф савдосига чек қўйилди
Қорақалпоғистон Республикасида божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида спирт маҳсулотларининг ноқонуний айлануви билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.
Тўрткўл туманида ҳужжатлари мавжуд бўлмаган 980 литр спирт маҳсулотини 65 миллион сўм эвазига шартли харидорга ноқонуний равишда сотилаётган вақтда тўхтатиб қолинди.
Беруний туманида эса хонадонда ташкил этилган яширин цехда алкоголь маҳсулотлари ноқонуний ишлаб чиқарилаётгани фош этилди. Ҳодиса жойидан жами 55 миллион 387 минг сўмга тенг 22 турдаги ашёвий далил, жумладан, 23 дона пластмасса идишларда жами 460 литр спирт, 732 дона қалбаки акциз маркалар билан қадоқланган шиша идишларда 387 литр “Qarataw” номли ароқ, 1 минг 15 дона капсула, 395 дона акциз марка, 2 рулон QR-кодлар, 1 дона муҳр, бўш шиша идишлар, жиҳозлар ва бошқа буюмлар аниқланиб, белгиланган тартибда расмийлаштирилди. Айни пайтда ҳолатлар юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Алкоголь маҳсулотларининг қонунга хилоф айланмасига қарши курашиш борасидаги тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири