Сохта миллионлар савдоси барбод бўлди
Мамлакатимизда молиявий хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий жиноятларга қарши муросасиз курашиш ва фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, қалбаки пулларни муомалага киритишга уринишларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Бухоро вилоятида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир ҳам ана шундай жиноятларнинг ўз вақтида фош этилганини яна бир бор намоён қилди.
Бухоро вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида қалбаки миллий валютани муомалага киритишга уринган шахс ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Терговга қадар ўтказилган дастлабки суриштирувларда аниқланишича, гумонланувчи 15 миллион сўм эвазига 150 дона 200 минг сўмлик, умумий қиймати 30 миллион сўм бўлган қалбаки купюраларни сотишга уринган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган.
Тезкор тадбир давомида унинг ёни кўздан кечирилганда яна 45 дона 200 минг сўмлик ҳамда 13 дона 100 минг сўмлик сохта банкнотлар аниқланиб, белгиланган тартибда ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мутахассислар қалбаки пулларни тайёрлаш ва тарқатиш оғир иқтисодий жиноятлар қаторига киришини, бундай ҳаракатлар мамлакат молия тизимига жиддий хавф туғдиришини таъкидламоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири