Солиқ тизимида техник чекловлар бекор қилинади
Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши билан ҳамкорликда профессионал ҳамжамият билан очиқ мулоқотлар давом этмоқда.
Ҳисобчилар ва солиқ маслаҳатчилари иштирокида “Очиқ эшиклар куни” форматида ташкил этилган навбатдаги учрашувда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, ЖШОДС ҳисоботини топшириш ҳамда “Автокамерал” тизим фаолиятини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда аввалги мулоқотлар якунида қабул қилинган қарорлар ижроси ва мавжуд муаммолар таҳлил қилинди.

Таъкидланганидек, жорий йил 25 февраль куни ўтказилган биринчи онлайн учрашувда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШОДС) ҳисоботини проактив топшириш масалалари муҳокама қилинган эди. Навбатдаги анъанавий форматдаги учрашувда эса ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди.
Муҳокама давомида мулк ижараси бўйича ҳисоботларни тақдим этиш тартибига аниқлик киритилди. Солиқ қўмитаси мутахассисларининг маълум қилишича, ҳисобот ташкилот рўйхатдан ўтган ҳудуд бўйича тақдим этилади ва ҳар бир туман кесимида алоҳида ҳисобот топшириш талаб этилмайди. Маҳаллий бюджетга тақсимот эса автоматик тарзда амалга оширилади.
Шунингдек, ЖШОДС ҳисоботининг техник жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, 4 ва 5-иловаларни юклаш муддатлари проактив тизимнинг техник хусусияти экани таъкидланди. Шу билан бирга, солиқ тўловчиларга белгиланган муддатдан кейин ҳам ҳужжатларни тақдим этиш имконияти сақланиб қолиши маълум қилинди.

Мутахассислар таклифлари асосида ЖШОДС ҳисоботини тўлдириш бўйича қўлланма ишлаб чиқилди. Шунингдек, солиқ тўловчилар учун янада содда ва тушунарли тушунтириш материалларини тайёрлаш бўйича топшириқлар берилди.
Учрашувда муҳим янгиликлардан бири сифатида халқаро шартномалар бўйича солиқ имтиёзларини қўллаш имконияти кенгайтирилгани қайд этилди. Иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги битимлар учун алоҳида идентификаторлар (ID) жорий этилиши имтиёзларни қўллаш жараёнини анча соддалаштиради.
Шунингдек, мулкни бепул фойдаланишга бериш ҳолатида солиқ солиш тартибига ҳам аниқлик киритилди. Солиқ қўмитаси бундай ҳолатларда ҳам солиқ мажбуриятлари юзага келишини маълум қилди.

Учрашувда телекоммуникация соҳаси вакиллари томонидан ҳам қатор амалий муаммолар кўтарилди. Жумладан, антенна-мачта иншоотларини жойлаштириш учун ер ижара шартномаларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини соддалаштириш бўйича таклифлар билдирилди. Масъулларга ушбу йўналишда тизим функционалини такомиллаштириш топширилди.
Йиғилиш якунида “Автокамерал” назорат тизими формулалари ҳам кўриб чиқилди. Энг кўп саволларга сабаб бўлаётган айрим мезонларни вақтинча тўхтатиб туриш ва уларни экспертлар иштирокида қайта кўриб чиқишга қарор қилинди.
Мутахассислар фикрича, бундай очиқ мулоқотлар солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, бизнес учун қулай шарт-шароит яратиш ва солиқ тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ш.Маматуропова, ЎзА