Солиқ қўмитаси: Умумий овқатланиш соҳаси учун ҚҚСнинг ноль ставкаси бўйича ҳали якуний қарор йўқ
Солиқ қўмитаси умумий овқатланиш соҳасида қўшилган қиймат солиғининг (ҚҚС) ноль ставкаси жорий этилиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
Қўмита маълумотига кўра, ҳозирча ушбу масала бўйича ҳеч қандай якуний қарор қабул қилинмаган. Аввал билдирилган фикрлар эса асосан халқаро тажрибани ўрганиш ва соҳани қўллаб-қувватлашнинг эҳтимолий йўналишларини муҳокама қилиш доирасида бўлган.
Қайд этилишича, умумий овқатланиш соҳаси вакиллари билан ўтказилган учрашувларда бизнесни қўллаб-қувватлашнинг турли механизмлари кўриб чиқилган, жумладан, айрим давлатлар тажрибаси ҳам ўрганилган. Хусусан, баъзи мамлакатларда ушбу соҳа учун ҚҚС бўйича имтиёзли режимлар маълум шартлар асосида қўлланилиши мисол сифатида келтирилган.
Шу билан бирга, бундай ёндашувлар одатда тадбиркорлар томонидан муайян мажбуриятлар — ходимлар сони, иш ҳақи даражаси, тушум ва бошқа иқтисодий кўрсаткичлар билан боғлиқ ҳолда амалга оширилиши таъкидланди.
«Ҳозирги босқичда фақатгина халқаро тажрибани ўрганиш ва соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича эҳтимолий таклифлар муҳокама қилинмоқда. Умумий овқатланиш соҳаси учун ҚҚСнинг ноль ставкаси жорий этилиши бўйича якуний қарор мавжуд эмас», — дейилади изоҳда.
Идора тадбиркорлардан ушбу йўналиш бўйича ўз таклифларини тақдим этишни сўраган. Мазкур таклифлар чуқур таҳлил қилинганидан сўнг, давлат ва бизнес манфаатларини ҳисобга олган ҳолда кейинги қарорлар ишлаб чиқилиши билдирилди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА