Солиқ органларида қанча ижара шартномаси ҳисобга қўйилгани айтилди
Ўзбекистонда ижара муносабатларини қонунийлаштириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий фаолиятини шаффофлаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўзининг амалий натижаларини кўрсатмоқда.
Солиқ органлари маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–апрель ойлари давомида республика бўйича 542 мингга яқин ижара шартномаси ҳисобга қўйилган. Мазкур шартномалар асосида давлат бюджетига 438,8 миллиард сўм солиқ ҳисобланган.
Қайд этилишича, ижара муносабатларининг расмийлаштирилиши нафақат бюджет тушумларининг ортишига, балки ижара берувчи ва ижара олувчиларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, бозорда шаффофликни таъминлаш ҳамда яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга хизмат қилмоқда.
Ҳисобот даврида жисмоний шахслар ўртасида 380,6 мингта ижара шартномаси расмийлаштирилган. Ушбу шартномалар асосида 335,9 миллиард сўм даромад солиғи ҳисобланган.
Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда, ижара шартномалари сони 19,6 фоиз, ҳисобланган даромад солиғи суммаси эса 48,8 фоизга ошгани диққатга сазовор. Бу кўрсаткичлар аҳоли ўртасида ижара муносабатларини расмийлаштириш маданияти шаклланиб бораётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, даромад солиғи тушумларининг шартномалар сонига нисбатан тезроқ ўсиши уй-жой ва бошқа кўчмас мулк объектларини ижарага бериш қийматининг ошиши, шунингдек, яширин ижара муносабатларининг қонуний майдонга чиқарилаётгани билан изоҳланмоқда.
Юридик шахслар ўртасида тузилган ижара шартномалари ҳам сезиларли даражада кўпайган. Хусусан, ҳисобот даврида 161,3 мингта шартнома рўйхатга олинган бўлиб, улар бўйича 102,9 миллиард сўм солиқ ҳисобланган.
Бу кўрсаткичлар 2025 йилнинг шу даврига нисбатан ижара шартномалари сони бўйича 25,7 фоиз, ҳисобланган солиқ суммаси бўйича эса 27 фоиз ўсишни таъминлаган. Бу эса бизнес муҳитида қонуний фаолият юритиш, молиявий ҳисоботларни тўғри шакллантириш ва мулкий муносабатларни расмий асосда тартибга солишга бўлган интилиш кучайиб бораётганидан далолат беради.
Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг таълим олиш шароитларини яхшилаш мақсадида жорий этилган солиқ имтиёзлари ҳам ижобий натижалар бермоқда. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, фуқароларнинг уй-жойларни талабаларга ижарага беришдан олган даромадлари даромад солиғидан озод этилган.
Жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида мазкур имтиёз доирасида солиқ тўловчиларга 37,7 миллиард сўмлик солиқ енгиллиги тақдим этилди. Натижада талабалар билан 79,5 мингдан ортиқ турар жой ижара шартномаси тузилган.
Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда ижара асосида яшаб, таълим олаётган талабалар сони 110 минг 497 нафарни ташкил этмоқда. Бу эса талабаларнинг турар жой масаласини ҳал этишда давлат томонидан яратилган иқтисодий рағбатлантириш механизмлари муҳим аҳамият касб этаётганини кўрсатади.
Сўнгги йилларда рақамли хизматларнинг жорий этилиши, электрон ижара шартномаларини расмийлаштириш имкониятларининг кенгайиши ҳамда солиқ маъмуриятчилигининг такомиллаштирилиши натижасида ижара бозорида очиқлик ва ҳисобдорлик даражаси сезиларли ошди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, ижара муносабатларини тўлиқ қонуний майдонга чиқариш бюджет тушумларини кўпайтириш билан бирга, кўчмас мулк бозорининг барқарор ривожланиши, аҳоли ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши ва инвестиция муҳитининг яхшиланишига ҳам хизмат қилади.
Қайд этилишича, ижара шартномалари сони ва солиқ тушумларида кузатилаётган ижобий динамика мамлакатда иқтисодиётни легаллаштириш ҳамда молиявий интизомни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий самараси сифатида баҳоланмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА