Соҳибқирон мероси – ёшлар тарбиясида муҳим манба
Ички ишлар вазирлиги Қашқадарё академик лицейи ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилояти бўлими ҳамкорлигида буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшлар онгида миллий ғурур, тарихий хотира ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, шунингдек, соҳибқироннинг бой мероси ҳамда давлат бошқаруви соҳасидаги ибратли фаолиятини кенг тарғиб этишдан иборат бўлди.

Тадбир давомида лицей ўқувчилари томонидан Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган саҳна кўринишлари, шеърлар ҳамда бадиий чиқишлар намойиш этилди. Шунингдек, мутахассислар ва фонд вакиллари томонидан соҳибқироннинг ҳарбий санъати, адолатли бошқарув тамойиллари ҳамда унинг жаҳон тарихида тутган ўрни хусусида маърузалар қилинди.

Тадбирда алоҳида таъкидланганидек, соҳибқироннинг машҳур “Куч – адолатда” деган шиори бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. У ёш авлодни ҳалоллик, жасорат ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбир якунида фаол иштирок этган ўқувчилар ҳамда ташаббускорлар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бундай маънавий-маърифий тадбирлар ёшлар қалбида буюк аждодларимизга бўлган ҳурмат ва ифтихор туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири