Соғлом танда – сифатли таълим
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Навоий вилояти Кенгаши, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Спорт бошқармаси ҳамкорлигида “Беш ташаббус” олимпиадаси доирасида “Соғлом танда – сифатли таълим” шиори остида “Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кубоги” мусобақалари ташкил этилди.
Тадбир аввалида таъкидланганидек, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда ёшларни спорт ва соғлом турмуш тарзига кенг жалб этишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Айниқса, таълим тизимида фаолият юритаётган педагогларнинг жисмоний ва маънавий баркамоллигини таъминлаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бирига айланган.

Беллашувларда ўқитувчилар волейбол, шахмат, шашка, стол тенниси ва футбол спорт турлари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этди. Қизғин ва қизиқарли кечган баҳслар нафақат жисмоний чиниқиш, балки жамоавий ҳамжиҳатлик, интизом ва фидойилик каби фазилатларни ҳам янада мустаҳкамлади.

Мусобақалар якунларига кўра, Навбаҳор тумани ўқитувчилари жамоаси кубок соҳиби бўлди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА