“Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам”
Соғлом турмуш тарзи ҳар бир инсон учун муҳим аҳамиятга эга. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида 13 февраль куни ўтказилган Олимпия ва Паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилди. “Соғлом инсон – соғлом миллат” ғояси умуммиллий ҳаракатга айлантирилиб, уни ҳар бир оилага олиб кириш кераклиги юзасидан барча мутасаддилар зиммасига аниқ вазифалар юклатилди.
Ана шу вазифа ва топшириқлар ижроси доирасида Сирдарё вилоят спорт, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари ташаббуси билан Сардоба, Оқолтин, Сайхунобод ва Сирдарё туманларида “Соғлом инсон – соғлом миллат” умуммиллий ҳаракати доирасида “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” тарғибот тадбири ўтказилди. Унда ёш спортчилар, аҳолининг етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган вакиллари иштирок этди.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳар куни 5000 қадам юриш соғлом турмуш тарзига эришиш учун етарли бўлиши мумкин. Бу жисмоний фаолликнинг энг юқори самарали шакли, чунки у одамни стресслардан озод қилади ва мукаммал равишда юрак ва қон айланиш тизимини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, юриш ишлашга ва кундалик ҳаётини фаол олиб боришга руҳлантиради.

—-Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида "Аҳолимизнинг 44 фоизи жисмоний фаол эмас, 36 фоизи тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилмайди. Бошоқли ва донли маҳсулотлар, мева-сабзавотлар истеъмоли кам. Тез тайёр бўлувчи ва таркибида канцероген моддалар юқори бўлган маҳсулотлар савдоси кўпайган. Булар турли касалликлар ва эрта ўлимларга сабаб бўлаяпти"дея таъкидланди. Бу бежизга эмас,— дейди Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти Сирдарё вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Тожихон Гафарова.— Чунки, камҳаракатлик, соғлом турмуш тарзига риоя этмаслик, меъёридан ортиқ овқатланиш, зарарли одатлар ҳисобига аҳолимиз орасида юқумли бўлмаган касалликлар, юрак- қон томир, асаб, эндокрин, ҳазм қилиш ва бошқа тизимлар билан боғлиқ касалликлар кўрсаткичи сўнгги вақтларда бир мунча ошган. Ўлим кўрсаткичи ҳам ана шу тоифадаги беморлар ҳиссасига тўғри келяпти. Энг асосийси, бу турдаги касалликлар кўрсаткичини фақатгина жисмоний фаоллик, соғлом турмуш тарзини тўғри йўлга қўйибгина камайтириш мумкин.

5000 қадам юришни ҳаётга киритиш учун унинг тартибини белгилаш муҳим. Чунки, ҳар қандай жисмоний фаолият учун куннинг энг яхши вақти — эрталаб ва кечқурун. Бу вақтларда ҳаво тоза ва инсоннинг энергияси юқори бўлади. Қолаверса, 5000 қадам юришни янада самарали қилиш учун велосипедда юриш, жамоавий юриш, бутун оила билан келишиб юриш анча даражада самара беради. Бу эса, ўз навбатида, юрак ва қон айланиш тизимининг яхшиланишига, қон қуюқлашишининг ва қандли диабетнинг олдини олишга, вазнни камайтиришга, руҳий саломатликка эришишга ёрдам беради. Шу билан бирга, стрессдан қочишга, ўзини яхшироқ сезишга ва кунлик ҳаётида кучлироқ, соғломроқ бўлишга олиб келади.
—Бу борадаги тадбирларни кўр-кўрона қилиб, бир-икки маротаба ўтказиб ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди. Фақатгина ўзимизни алдаганимиз қолади. Уни кундалик одатга айлантириш керак. Ана шундагина Президентимиз таъкидламоқчи бўлган мақсадга эришамиз,—дейди Т. Гафарова.
Сардоба, Оқолтин, Сайхунобод ва Сирдарё туманларида “Соғлом инсон – соғлом миллат” умуммиллий ҳаракат доирасида ўтказилган “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” тарғибот тадбирлари давомида иштирокчиларга, аҳоли вакилларига мутахассислар томонидан пиёда юриш, унинг инсон саломатлигини сақлашдаги аҳамияти тўғрисида ҳам маълумот ва тавсиялар берилди.
—Ёшим 67 да, турмуш ўртоғимнинг ёши 65 да, мана бир неча йилдирки, бомдод намозидан сўнг соғлом ҳаёт учун 5000 қадам яёв юришни одат тусига киритганмиз,—дейди сайхунободлик Нурали бобо Тўйчиев.—Бунга юрак- қон томир тизимидаги муаммо сабаб бўлган. Ҳансираш, кўкракнинг чап томонидаги санчиқ, ҳаво етмай қолиш, қон босимининг ошиши мени анча қийнаб қўйганди. Шифохоналарда даволаниб чиқдим, ҳеч натижа бўлавермагач, кардиологлар тавсияси асосида олдинига 1, кейинроқ 2, хуллас 5 километр яёв юрадиган бўлдим. Бир кишидан кўра, икки киши яхшироқ дея, турмуш ўртоғимни ҳам жалб этдим. Яратганга шукр, мана уч йилдирки, юрак безовта қилгани, шифокорга борганим йўқ. Қайтанга анча ёшарганман. Буни турмуш ўртоғим кўп маротаба таъкидлайди.
Сайхунободлик Нурали бобо таъкидлаганидек, "Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам" спорт-соғломлаштириш тадбирлари инсон организмини жисмоний фаолликка жалб қилади ва юрак фаолияти яхшиланишига, умумий энергияни оширишга ёрдам беради.
Мухтасар қилиб айтганда, мунтазам пиёда юриш — қон босимини тартибга солиб, кайфиятни ва организмнинг умумий ҳолатини яхшилайди. Бундан ташқари, қон босими ва холестерин миқдорини меъёрлаштиради. Ҳафтасига камида 5 марта, кунига 30 дақиқа пиёда юриш эса юқумсиз касалликлар хавфини камайтирибгина қолмай, инсонларнинг тетик ва соғлом бўлишида асқатади. Бу ҳақда Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин, Сайхунобод ва Сирдарё туманларида ўтказилган “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” тарғибот тадбири давомида кўп маротаба айтилди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири