“Соғинмасдан яшаб бўлмайди”
Фарғона водийсида “Соғинмасдан яшаб бўлмайди” номли шеърият ва қўшиқ кечалари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Шуҳрат Ориф ва истеъдодли хонанда Бахтиёр Раҳмонов иштирок этди.
Қўқондаги “Темирйўлчилар” маданият саройида ўтказилган тадбирда Қўқон давлат педагогика институти педагоглари ва талабалари, ижодкорлар, ижодий масалалар бўйича тарғиботчилар қатнашди. Филология фанлари доктори, профессор Зебо Қобилова шоир Шуҳрат Ориф ижодининг ўзига хос жиҳатлари ва унинг такрорламайдиган бадиий изланишлари ҳақида сўзлади.


Тадбирда шоир янги шеърларидан ўқиб берди. Хонанда Бахтиёр Раҳмоновнинг дилтортар қўшиқлари даврага ижодий кайфият ва завқ бағишлади.
Фарғона давлат университетида бўлиб ўтган маънавий анжуманида Республика “Маънавият ва маърифат” марказининг Фарғона бўлими раҳбари Маъсуджон Сулаймонов шоир ва хонанданинг ижодий ҳамкорлигига асосланган бу каби тадбирлар аҳолининг, айниқса, ёшларнинг руҳий оламини бойитишга, улардаги бадиий дидни юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади.


Навбатдаги тадбир Наманган шаҳридаги “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани” ахборот-кутубхона марказида ўтказилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлими раҳбари Зиёвуддин Мансур, “Миллий тикланиш” демократик партиясининг вилоят Кенгаши раиси Дилноза Азизова ва бошқалар шоир Шуҳрат Ориф давомий тус олган ижодий учрашувлари орқали Наманган ёшларида адабиётга ва китобхонликка қизиқишни кучайтиришга ҳисса қўшаётганини билдиришди.
Бир сўз билан айтганда, Фарғона водийсида “Соғинмасдан яшаб бўлмайди” номи остида қизғин кечган шеърият ва қўшиқ кечалари ўзига хос адабиёт, санъат байрамига айланиб кетди.
Шоир ва хонанданинг ўзаро ижодий ҳамкорлиги худудларда яшаётган ижодкорлар, ёш қаламкашларга ҳам рағбат ва ижодий туртки бериши, шубҳасиз.