Сочида “Россия-Африка” саммити: томонлар манфаатли келишувларга эришмоқда
23-24 октябрь кунлари Сочида “Россия-Африка” саммити бўлиб ўтмоқда. ОАВ маълумотларига кўра, ушбу йирик тадбирда 40 дан зиёд Африка мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари, элчилар иштирок этмоқда.
23-24 октябрь кунлари Сочида “Россия-Африка” саммити бўлиб ўтмоқда. ОАВ маълумотларига кўра, ушбу йирик тадбирда 40 дан зиёд Африка мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари, элчилар иштирок этмоқда.
Экспертларнинг таърифича, Россия ва Африка мамлакатлари ўзаро муносабатлари тарихида ҳали бунчалик юқори даражадаги ва кенг кўламли мулоқот майдони бўлмаган. Саммитнинг ташкил этилиши кейинги вақтларда Россиянинг мазкур минтақа билан сиёсий, иқтисодий муносабатларга фаол киришаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Саммит доирасида Москва Африка давлатларига кўплаб соҳалар бўйича, хусусан энергетика, инвестиция, атом энергетикаси, тоғ-кончилик йўналишлари бўйича тенг ҳуқуқлиликка асосланган ҳамкорликни таклиф этмоқда. Ўз навбатида минтақа мамлакатлари ҳам қатор таклифлар билан келган. Жумладан Эфиопия Россия билан атом электростанциясини қуриш бўйича битим имзолаш ниятида. Нигериянинг мўлжали ҳарбий техник ҳамкорлик ўрнатиш ҳақидаги келишувга эришиш. Руанда Россия билан мамлакатда ядровий фанлар ва технологиялар марказини бунёд этиш бўйича ҳукуматлараро келишувни имзолашни режалаштирган.
Экваториал Гвинея Россиянинг “Газпром“, “Лукойл“ , “Роснефть“ каби нефть компаниялари билан ҳамкорлик қилиши мумкинлигини маълум қилган. Маврикий Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи билан эркин савдо бўйича битим имзолашни кўзда тутмоқда. Камерун Россиядан “Панцирь-С1 зенит-ракета тизимлари, ҳарбий транспортни ташиш учун зирҳли транспорт воситалари, шунингдек ҳарбий транспорт ва жанговар вертолётлар харид қилишга қизиқиш билдирмоқда.
Икки кунлик саммит кун тартиби жуда тиғиз. Россия Федерацияси Президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков бундан олдин Путин саммит доирасида бир қатор ишчи учрашувларни Марказий Aфрика Республикаси, Конго, Судан, Жанубий Aфрика ва бошқа давлатлар раҳбарлари билан ўтказишини маълум қилганди. Шунингдек, саммит доирасида Миср раҳбари Aбдул Фаттоҳ ас-Сиси ва Россия етакчиси савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик масалалари, мамлакатлар ўртасида чартер ҳаво қатновини қайта тиклаш имкониятларини муҳокама қилади. Бундан ташқари, ўзаро мулоқотларда Яқин Шарқ ва Шимолий Aфрика минтақасидаги вазиятга урғу берилиб, долзарб халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.
Саммитнинг биринчи куни сезиларли амалий натижалар берган. Хусусан, Россия ва Эфиопия атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолаган. Мазкур ҳужжат икки мамлакатнинг мазкур соҳада ўзаро ҳамкорлиги учун ҳуқуқий асос яратади. Эфиопия инновациялар ва технологиялар вазирининг имзолаш маросимидан кейин берган баёнотига кўра, унинг мамлакати 2029 йилга қадар ҳар бири 200 МВт қувватга эга иккита атом электр станциясини ишга туширмоқчи.
“Лукойл“нинг ҳам Aфрика бўйича катта режалари бор. Россия компанияси “Saudi Aramco” билан биргаликда қитъада ишлашга тайёр. Йил охирига келиб, “Лукойл” Гана ҳукумати билан ушбу мамлакатда компаниянинг якуний иш шароитлари бўйича музокараларни якунламоқчи. Шунингдек, “Лукойл” Италиянинг “Eni” компанияси билан Конго Демократик Республикасида янги кон блокларини ўзлаштириш учун мурожаат қилган.
Россия ва Aфрика мамлакатлари олмос қазиб олиш соҳасида ҳамкорлик қилиш учун катта истиқболларни кўришмоқда.