Сизларга ишонамиз, мардонавор ўйнанглар, Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилинглар – Президент
Президент Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари билан учрашди.
–Энди футболчиларга қарата айтмоқчиман: жаҳон чемпионатида осон ўйиннинг ўзи йўқ. Сизлар Португалия, Колумбия, Конго каби терма жамоалар билан ўйнайсизлар. Халқимиз ҳар бир ўйинда сизлардан ғалаба кутиши табиий, албатта.
Лекин бир нарсани доимо ёдда тутинг: сизлар тарихни аллақачон яратиб бўлдингиз!
Олдингизда турган муҳим учрашувларда ортиқча босимсиз, ҳеч кимдан ҳайиқмасдан, борингизни бериб ўйнанг. Ҳар бир тўп, ҳар бир вазият, майдоннинг ҳар бир қаричи учун охиригача курашинг!
Мундиалдаги барча ўйинларингизда фан-клублар аъзолари, минглаб футбол мухлислари, Америкадаги ватандошларимиз ҳам стадиондан сизларни қўллаб-қувватлаб туради.
Майдондаги ҳар бир ҳаракатингизни 40 миллионга яқин халқимиз экран ортида катта ҳаяжон билан ҳайқириб кузатади, юракларни жунбишга келтирадиган ҳиссиёт олади.
Ёдингизда бўлсин: эл-юртимиз сизларга ишонади, Президент сизларга ишонади! Боринглар, мардонавор ўйнанглар, Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилинглар! Ғалаба ва омад ҳамиша ёр бўлсин, – деди Президентимиз сўзининг якунида.
ЎзА