Юртимизда ҳар йили 20 август – “Тадбиркорлар куни” сифатида нишонланади. Бу сана нафақат байрам, балки мамлакат иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган ишбилармонларга бўлган чуқур ҳурмат ва миннатдорлик ифодасидир.
Президентимизнинг ана шу кун муносабати билан қабул қилган Фармон ва Фармойишига кўра, бир гуруҳ сирдарёлик тадбиркорлар ҳам давлат мукофотлари ва кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
Гулистон туманида самарали меҳнати билан танилган фермер аёл — Юлдуз Бобоқулова қишлоқ хўжалигидаги ютуқлари учун «Шуҳрат» медалига сазовор бўлди. Унинг таъкидлашича, мазкур мукофот шахсий фаолияти билан бирга, бутун жамоасининг саъй-ҳаракатларига берилган юксак эътирофдир.
– Мамлакатимизда тадбиркорлар учун кенг имконият ва шарт-шароитлар яратилмоқда, – дейди Юлдуз Бобоқулова. – Бу мукофот биз учун катта рағбат бўлиб, келгусида янги ғоя ва лойиҳаларни амалга оширишга куч-қувват бағишлайди.
Сирдарё вилоят ҳокимлигида ўтказилган тантанали маросимда Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов иштирок этиб, мукофот соҳибларини самимий табриклади.
– Бугун тадбиркорларимиз иқтисодиётнинг барқарор ўсиши, ишлаб чиқариш ва экспорт кўламларини кенгайтириш, «яшил» технологиялар ҳамда рақамли ечимларни жорий этишда етакчи куч сифатида намоён бўлмоқда, – деди вилоят раҳбари. – Янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш даражасини юксалтиришдаги хизматларингиз юртбошимиз томонидан муносиб баҳоланмоқда.
[gallery-24862]
Маросимда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланган соҳа вакилларига мукофотлар билан бирга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари ҳам топширилди.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари