Сирдарёда иш ўринлари кўп, аммо кадрлар етишмайди
Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш тизимида ҳозирги кунда 570 дан ортиқ бўш иш ўрни мавжуд. Шу билан бирга, соҳада малакали кадрлар етишмовчилиги сақланиб қолмоқда. Бу ҳақда Тошкент давлат тиббиёт университети талабалари иштирокида ўтказилган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувида маълум қилинди.
Таъкидланишича, мазкур ҳолат жорий йилда университетни тамомлайдиган 216 нафар сирдарёлик битирувчи учун кенг имкониятлар яратади. Улар ҳудуддаги тиббий муассасаларда мавжуд бўш иш ўринларига жалб этилиши мумкин.

Ҳозирги кунда Тошкент давлат тиббиёт университетида 1200 нафардан зиёд сирдарёлик ёшлар таҳсил олмоқда. Улар келажакда вилоят ва республика тиббиёт тизими учун зарур мутахассислар сифатида тайёрланмоқда.
Учрашув Сирдарё вилояти Ёшлар марказида ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев, Тошкент давлат тиббиёт университети ректори Шуҳрат Боймурадов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Воҳид Худойқулов, Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бобуржон Акрамов ҳамда соҳа мутасаддилари иштирок этди.

Тадбир давомида талабаларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди, уларни қизиқтирган масалалар юзасидан очиқ мулоқот ўтказилди. Асосий эътибор ёшларнинг бандлигини таъминлаш, касбий ривожланиш имкониятларини кенгайтириш, таълим сифатини ошириш ҳамда битирувчиларни иш билан таъминлаш масалаларига қаратилди.

Вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев бундай очиқ мулоқотлар ёшлар муаммоларини аниқлаш ва уларни тизимли ҳал этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ғулом Примов, ЎзА