Сирдарёда “InfoTeach — 2026” форуми ўтказилди
Гулистон шаҳридаги Ёшлар маркази биносида информатика фани ўқитувчиларининг янги технологиялар ва сунъий интеллект бўйича кўникмаларини ошириш, рақамли таълим платформалари, дастурлаш асослари, киберхавфсизлик, сунъий интеллект элементлари ҳамда лойиҳа асосида ўқитиш методикалари бўйича назарий ва амалий тажрибасини бойитиш мақсадида “InfoTeach — 2026” форуми ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Рақамли таълимни ривожлантириш маркази ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур форумда 320 дан ортиқ педагоглар иштирок этишди. Улар тадбир давомида нафақат янги билимлар билан танишдилар, балки уларни амалиётга жорий этиш бўйича аниқ кўникмаларни ҳам эгаллашди.

Маълумотларга кўра, “InfoTeach — 2026” каби форумлар республика миқёсида информатика ўқитувчиларининг замонавий технологиялар ва сунъий интеллект соҳасидаги компетенцияларини оширишга қаратилган тизимли ишлар доирасида ташкил этилмоқда. Бу эса мазкур тадбирнинг стратегик аҳамиятини янада кучайтиради.

Форум доирасида рақамли таълим платформалари, дастурлаш асослари, киберхавфсизлик, сунъий интеллект элементлари ва лойиҳа асосида ўқитиш методикалари бўйича назарий ҳамда амалий машғулотлар ўтказилди. Хусусан, иштирокчилар интерактив тестлар яратиш, Python дастурлаш тили асослари ва инновацион педагогик технологияларни қўллаш бўйича амалий тажриба орттирдилар.

Тадбир иштирокчилари учун форум билим алмашиш майдонигина эмас, балки илҳом ва янги ғоялар манбаи сифатида ҳам хизмат қилди. Ўқитувчилар ўз ҳудудларига қайтар экан, замонавий ёндашувлар асосида таълим жараёнини такомиллаштиришга тайёр эканликларини таъкидладилар.
Форум якунида АКТ ни рақамлаштириш ва сунъий интеллектни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Козим Ўроқов иштирокчилар ва ташкилотчиларга миннатдорлик билдириб, бундай ташаббуслар ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутишини қайд этди.
Шу тариқа, “InfoTeach — 2026” форуми Сирдарё вилоятида информатика таълимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, рақамли таълим муҳитини изчил шакллантириш ва замонавий билим ҳамда кўникмаларга эга педагоглар салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим майдон сифатида намоён бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири