Сирдарёда 3 та янги «spin-off» корхона ташкил этилди
Сирдарё вилоятида илм-фан ютуқларини амалиётга кенг татбиқ этиш, инновацион ғояларни тижоратлаштириш ҳамда юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида олий таълим муассасалари ҳузурида 3 та янги «spin-off» корхона ташкил этилди.
Мазкур ташаббус таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, олимлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар томонидан яратилган илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда инновацион тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда вилоятда Гулистон давлат педагогика институти қошида «GulDPI Edu Tech Mediya Press» МЧЖ, Гулистон давлат университети ҳузурида «GulDU Agro Future Green» Spin-off МЧЖ ҳамда Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали қошида «Yangiyer Food Tech» МЧЖ фаолияти йўлга қўйилди.

— Ушбу корхоналар таълим соҳаси учун рақамли платформалар ва мультимедиа маҳсулотларини яратиш, қишлоқ хўжалигида инновацион агротехнологияларни жорий этиш, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқариш, озиқ-овқат маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш технологияларини такомиллаштириш, замонавий қадоқлаш ечимларини ишлаб чиқиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларига илғор технологияларни татбиқ этиш йўналишларида фаолият юритади, — дейди Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Ғиёс Дониёров .
Spin-off корхоналарнинг асосий вазифаси илмий ғоя ва ишланмаларни лабораториядан ишлаб чиқаришга, ишлаб чиқаришдан эса бозорга олиб чиқиш, уларни рақобатбардош маҳсулот ва хизматларга айлантиришдан иборат. Бу эса илмий салоҳиятнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, мазкур корхоналар талаба ва ёш олимлар учун инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, стартап ташаббусларини ривожлантириш ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилувчи самарали амалий майдон ҳисобланади.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоятда 3 та spin-off корхона ташкил этилди, 10 дан ортиқ инновацион лойиҳа ишлаб чиқилди, 20 дан зиёд янги маҳсулот яратиш ишлари йўлга қўйилди ҳамда 50 нафардан ортиқ ёшлар ва талабалар инновацион жараёнларга жалб этилди.
— Spin-off корхоналар фаолиятининг кенгайиши илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янги босқичга олиб чиқади. Бу орқали ҳудудда инновацион экотизим шаклланади, иқтисодиёт тармоқларига замонавий технологиялар кенг жорий этилади, юқори қўшимча қийматга эга маҳаллий маҳсулотлар улуши ортиб, экспорт салоҳияти мустаҳкамланади. Энг муҳими, бу ташаббус Сирдарё вилоятининг инновацион тараққиёти ва рақобатбардош иқтисодиётини таъминлашга мустаҳкам замин яратади, — дейди Ғиёс Дониёров.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири