Сирдарё футбол мактаби юксалмоқда
Сирдарё вилояти футбол академиясида амалга оширилаётган тизимли ишлар, замонавий инфратузилма ҳамда юқори малакали мутахассислар фаолияти натижасида иқтидорли ёш футболчилар юртимиз ва Осиё миқёсида салмоқли натижаларга эришмоқда.
Жумладан, 2025 йили Саудия Арабистонида бўлиб ўтган 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубогида Ўзбекистон терма жамоаси сафида қатнашган Садриддин Ҳасанов, Муҳаммад Ҳакимов ва Азизбек Абдумўминовлар айнан ушбу академия тарбияланувчилари ҳисобланади.


Футбол академияси 2018 йили Янгиер шаҳрида болалар-ўсмирлар спорт мактаби сифатида ташкил этилган. Кейинчалик, мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати доирасида мазкур муассаса футбол йўналишида ихтисослаштирилди. Ҳозирда академияда 154 нафар ёш футболчи таҳсил олмоқда. Улар орасида Ўзбекистон терма жамоаларига жалб этилган спортчилар ҳам бор.
Академия ҳудудида ёш футболчилар учун зарур инфратузилма яратилган. 2024 йили умумий қиймати 13 миллиард сўмлик қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилиб, табиий ва сунъий қопламали майдонлар, ётоқхоналар, таълим бинолари, спорт заллари ҳамда Work-Out майдончалари фойдаланишга топширилди.


– Асосий мақсадимиз нафақат профессионал футболчиларни, балки маънан баркамол ва жисмонан соғлом шахсларни тарбиялашдир, – дейди академия директори ўринбосари Бекзод Қодирқулов. – Шу боис ҳар бир тарбияланувчига индивидуал ёндашув асосида таълим берилади.
Академияда 20 нафар мураббий фаолият юритмоқда. Уларнинг аксарияти ОФКнинг “А”, “В” ва “С” тоифали мураббийлик лицензияларига эга. Қўлланилаётган индивидуал ёндашув ва замонавий ўқув-тарбия усуллари ёш футболчилар салоҳиятини тўлиқ намоён этишига хизмат қилмоқда. 2024 йили Сирдарё вилояти жамоаси илк бор Ўзбекистон Биринчи лигасида иштирок этиб, 36 очко билан жадвалда 6-ўринни эгаллади. Бу натижа дебют мавсум учун муносиб ютуқ сифатида қайд этилди.


2025 йилда академиянинг 10 нафар футболчиси ўз ёш тоифасидаги терма жамоаларга жалб этилди. Улардан 6 нафари асосий таркибда, 4 нафари захира сифатида майдонга тушмоқда. Шу йили академияни тамомлаган 11 нафар битирувчи юқори дивизион клублари билан шартнома имзолади. Қолганлари эса “Сирдарё ФА” жамоаси сафида ўз салоҳиятини намоён этмоқда.


– Муассасамизда спорт машғулотлари билан бир қаторда руҳий тайёргарлик, тўғри овқатланиш, жамоавийлик, интизом ва мотивацияга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди академия мураббийи Жўрабек Дўсматов. – Замонавий футболда спорт психологияси, видео таҳлил ва илмий асосдаги жисмоний тайёргарлик муҳим аҳамиятга эга. Шу боис илғор ёндашувларга катта аҳамият бериляпти.
Сирдарё футбол академиясида яратилган шароитлар, илмий ва методик ёндашув, профессионал мураббийлар жамоаси ёш авлоднинг орзулари йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Бу масканда нафақат техник ва тактик тайёргарлик, балки ватанпарварлик, жавобгарлик ва интизом каби ҳаётий қадриятлар ҳам ўргатилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири