Синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлайдиган нарколаборатория фош этилди
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Бухоро шаҳрида фаолият юритган нарколаборатория фош этилди. Ҳодиса юзасидан икки нафар фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Аниқланишича, Жондор туманида яшовчи 27 ва 29 ёшли икки нафар фуқаро интернет-наркодўконда «омборчи» ва «кимёгар» вазифаларида ишлаган. Улар Бухоро шаҳридаги кўп қаватли уй хонадонларидан бирида нарколаборатория ташкил этиб, синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган.
Холислар иштирокида ўтказилган кўздан кечириш жараёнида хонадондан умумий оғирлиги 6 килограмм 650 грамм бўлган «спайс» синтетик наркотик моддаси аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди. Шунингдек, SIM-карталар, респираторлар, қўлқоплар, зип-пакетлар, электрон тарози ва кўп миқдордаги тамаки маҳсулотлари ҳам мусодара қилинди.
Тезкор тадбир давомида гумонланувчилар томонидан Когон туманидаги яширин жойларга кичик бўлакларда яшириб қўйилган яна 4 килограмм 200 грамм «спайс» ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Шу тариқа, жами 10 килограмм 850 грамм синтетик наркотик моддаси мусодара қилинди.
Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси ҳамда 276¹-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА