“Silk Road Uzbekistan” баҳорги мавсуми якунланди
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшларни спортга кенг жалб этиш ва оммавий спорт ҳаракатини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида спорт билан уйғунлашган қатор йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ана шундай ташаббуслардан бири бўлган “Silk Road Uzbekistan” лойиҳаси аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни оммалаштириш ҳамда мамлакатнинг спорт ва туризм салоҳиятини намоён этишга хизмат қилмоқда.

Шу кунларда дунёнинг 28 давлатидан ташриф буюрган 20 минг нафардан ортиқ иштирокчини бирлаштирган “Silk Road Uzbekistan” баҳорги туркуми ўз якунига етди. Бир неча ой давомида Нукус, Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Қўқон шаҳарлари йирик халқаро мусобақаларга мезбонлик қилиб, оммавий спорт, очиқ ижтимоий мулоқот ва замонавий соғлом турмуш тарзи маданиятини ривожлантириш марказларига айланди.
“Silk Road Uzbekistan” оддий оммавий югуриш мусобақалари туркумидан анча кенг қамровли лойиҳага айланган. У мамлакатдаги энг йирик спорт ҳаракатларидан бири сифатида жисмоний фаолликни оммалаштириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда соғлом жамиятни шакллантиришга қаратилган давлат сиёсатининг муҳим таркибий қисми бўлиб хизмат қилмоқда.

Мутахассислар фикрича, бундай лойиҳалар аҳолининг турли қатламларини ягона мақсад атрофида бирлаштириб, спорт маданиятини шакллантириш билан бирга ижтимоий фаолликни ҳам оширади.
Жумладан, 17 май куни пойтахтимизда 5 мингдан зиёд иштирокчини бирлаштирган “Silk Road Tashkent” ва “Талаба югур” оммавий спорт фестиваллари бўлиб ўтди. Унда профессионал ва ҳаваскор спортчилар, талабалар, югуриш ишқибозлари, оилалар ҳамда хорижий давлатлардан келган меҳмонлар қатнашди. Бу эса оммавий спорт нафақат спортчилар, балки кенг жамоатчилик ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бораётганини кўрсатади.

Енгил атлетика бўйича 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасидаги III Марказий Осиё чемпионати баҳорги мавсумнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Мусобақа Тошкентдаги “Олимпия шаҳарчаси”да жойлашган янги “Olympic” стадионида илк бор ташкил этилди. Турнир мазкур аренада ўтказилган биринчи йирик халқаро енгил атлетика мусобақаси сифатида Ўзбекистоннинг замонавий спорт инфратузилмаси тарихида янги саҳифа очди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё чемпионати баҳслари халқаро стандартларга жавоб берадиган сертификатланган “MONDO” енгил атлетика йўлакчасида ўтказилди. Жаҳон даражасидаги қопламадан фойдаланиш спортчиларга юқори натижалар қайд этиш имконини берди. Энг муҳими, мазкур мусобақа Ўзбекистоннинг халқаро даражадаги нуфузли спорт тадбирларини юқори савияда қабул қилиш салоҳиятини яна бир бор намоён этди.

Дарҳақиқат, “Олимпия шаҳарчаси” ва ундаги “Olympic” стадиони мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий ифодаси ҳисобланади.
Бугунги кунда республикада ҳам профессионал спорт, ҳам оммавий спорт ҳаракатини янада ривожлантириш учун халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий спорт инфратузилмаси босқичма-босқич яратилмоқда.

Президентимиз томонидан оммавий спортни ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва соғлом жамиятни шакллантириш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Шу боис мамлакатимизда фуқаролар учун янги спорт иншоотлари, жамоат жойлари, истироҳат боғлари ва югуриш йўлаклари барпо этилмоқда. “Silk Road Uzbekistan” каби лойиҳалар эса мазкур ислоҳотларнинг амалий натижасини яққол намоён этмоқда.

Мавсумнинг якуний босқичи 24 май куни қадимий Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган “Silk Road Kokand” халқаро ярим марафони бўлди. Фарғона водийсининг энг гўзал шаҳарларидан бирида 4 мингдан ортиқ киши стартга чиқди. Ярим марафон йўналиши Хўдоёрхон саройи яқинидаги марказий кўчалар ва тарихий ҳудудлар орқали ўтиб, иштирокчиларга Буюк Ипак йўлининг қадимий шаҳарларидан бири бўлган Қўқоннинг бой маданий мероси билан танишиш имконини берди. “Silk Road Uzbekistan”нинг ўзига хос жиҳатларидан бири, спорт ва туризмни самарали уйғунлаштира олганида кўринади.
Иштирокчилар мусобақаларга нафақат спорт натижалари учун, балки Ўзбекистон шаҳарларининг тарихи, маданияти ва замонавий ҳаёти билан танишиш мақсадида ҳам ташриф буюрмоқда. Бу эса мамлакатнинг туризм салоҳиятини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, ҳудудларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва миллий брендни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

“Silk Road” баҳорги туркумининг умумий соврин жамғармаси 429 миллион сўмни ташкил этди. Ярим марафон, эркаклар ва аёллар ўртасидаги 5 ҳамда 10 километрлик масофаларда ғолиб ва совриндорлар пул мукофотлари билан тақдирланди. “Kids Run” болалар стартлари ғолибларига ташкилотчилар ва лойиҳа ҳамкорлари томонидан эсдалик совғалари топширилди.
2024 йилдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида амалга оширилаётган “Талаба югур” лойиҳаси ҳам туркумнинг муҳим қисмига айланди. Бугунги кунда у Ўзбекистонда замонавий талабалар спорт маданиятини шакллантиришга хизмат қилаётган муҳим ташаббуслардан бири ҳисобланади.
Ушбу оммавий тадбирлар доирасида ногиронлиги бўлган шахслар, профессионал спортчилар ва ҳаваскорларни бир масофада бирлаштирган “Инсон учун” инклюзив стартлари ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Қўллаб-қувватлаш, эътибор ва ҳар бир иштирокчи учун тенг имкониятлар яратиш лойиҳанинг асосий қадриятларига айланди. “Инсон учун” оммавий югуриш мусобақалари рамзий бир километр масофада ўтказилди. Соврин жамғармаси тўрт тоифа бўйича тақсимланиб, биринчи ўрин соҳибларига 3 миллион сўм, иккинчи ўрин эгаларига 2 миллион сўм, учинчи ўрин соҳибларига эса 1 миллион сўмдан мукофот пули топширилди.
Туркум Марказий Осиё югуриш ва юриш академияси, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ташкил этилди.
“Silk Road Uzbekistan” нафақат спорт тадбири, балки мамлакатнинг халқаро имижини мустаҳкамлаш, туризмни ривожлантириш, ёшлар сиёсати самарадорлигини ошириш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилаётган муҳим ижтимоий лойиҳадир.
“Silk Road Uzbekistan”нинг навбатдаги босқичи 13 сентябрь куни Хива шаҳрида бўлиб ўтади. Кузги мавсум ҳам мамлакатдаги энг йирик оммавий спорт ҳаракатларидан бири сифатида янада кўпроқ иштирокчиларни бирлаштириши, оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасидаги эзгу мақсадларга хизмат қилиши кутилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА