Сифатсиз газ савдосига чек қўйилди
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ички бозорда сифатли нефть маҳсулотлари айланмасини таъминлаш ҳамда давлат стандартлари талабларига қатъий риоя этилишини назорат қилиш бугунги кунда долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Айниқса, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида сотилаётган маҳсулот сифати нафақат транспорт воситаларининг техник ҳолати, балки инсонлар хавфсизлиги ва атроф-муҳит муҳофазаси учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис бу соҳада назорат тадбирлари мунтазам равишда кучайтирилмоқда.
Ана шундай назорат тадбирларидан бири давомида “Ўзэнергоинспекция” томонидан Бухоро туманида жойлашган “A. G. S.” МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Текширув натижаларига кўра, мазкур шохобчада сотувга чиқарилган суюлтирилган углеводород гази амалдаги давлат стандартлари талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлди. Бу эса истеъмолчиларга сифатсиз маҳсулот етказиб берилаётганини англатади.
Қонун талабларини бузганлик учун масъул корхонага сотилган нефть маҳсулоти қийматининг 50 фоизи миқдорида 36 миллион 900 минг сўм жарима қўлланилди.
Бундан ташқари, шохобчада қолдиқ сифатида сақланаётган сифатсиз нефть маҳсулотларини сотувга чиқармаслик, уларнинг сифатини белгиланган талаблар даражасига қайта тиклаш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА