Сифатли терим хирмоннинг янада юксак бўлишини таъминлайди
Пахта даласидаги меҳнатнинг якуний натижаси ҳосилни етиштириш билан эмас, уни ўз вақтида, сифатли ва кам нобудгарчилик билан йиғиб олиш билан белгиланади. Бу жараёнда замонавий техникадан унумли фойдаланиш, уни бошқарадиган малакали механизатор ва операторларни тайёрлаш эса мавсум муваффақиятининг муҳим шартларидан биридир.
Шу мақсадда Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида янги харид қилинган пахта териш машиналарини бошқарадиган механизаторлар учун ўқув-семинар ташкил этилди. Тадбир қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, пахта йиғим-терими жараёнларини самарали ташкил этиш ҳамда замонавий техникалардан унумли фойдаланишга қаратилди.
Ўқув машғулотларида механизаторларга замонавий пахта териш машиналарининг техник имкониятлари, уларни тўғри ва хавфсиз бошқариш, техник хизмат кўрсатиш қоидалари ҳамда ҳосилни сифатли йиғиб олишнинг муҳим жиҳатлари тушунтирилди. Назарий билимлар амалий машғулотлар билан уйғунлаштирилиб, янги техникани самарали бошқариш, эҳтимолий носозликларнинг олдини олиш ва меҳнат хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Зеро, замонавий машина қанчалик мукаммал бўлмасин, унинг имкониятини тўлиқ намоён этадиган асосий куч — малакали мутахассис. Шу маънода бундай ўқув-семинарлар техника ва инсон маҳоратини бир нуқтада бирлаштириб, даладан олинадиган натижанинг сифатини белгилашга хизмат қилади.
Бу борадаги ишлар мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини механизациялаш жараёнининг изчил давоми сифатида намоён бўлмоқда. Расмий маълумотларга кўра, сўнгги йилларда 1 минг 756 та пахта териш машинаси харид қилинган ва пахта теримининг механизация даражаси 52 фоизга етган. Ўтган мавсумда 2 миллион 100 минг тонна пахта машина ёрдамида йиғиб олинган. 2026 йилда эса яна 800 та пахта териш машинаси харид қилиниши ва пахтани машинада териш улушини камида 70 фоизга етказиш вазифаси белгиланган.
Жиззах вилоятида ҳам пахтачилик олдига катта мақсадлар қўйилган. 2026 йилда вилоятда 67,6 минг гектар майдонда 350 минг тонна пахта хомашёси етиштириш, ҳосилдорликни 51,5 центнерга етказиш ва 240 миллиард сўм қўшимча даромад олиш режалаштирилган.

Демак, ҳосилни йиғиб-териш мавсумига тайёргарлик фақат техникани далага чиқаришдан иборат эмас. Унинг замирида техника ҳолатини пухта текшириш, механизаторнинг маҳоратини ошириш, хавфсизлик талабларини таъминлаш ва теримни қисқа муддатда сифатли ташкил этиш каби бир-бирига чамбарчас боғлиқ вазифалар мужассам.
Айни жиҳатдан қараганда, Зафарободдаги ўқув-семинарнинг аҳамияти янада ойдинлашади. Чунки пахта даласида бир кунлик кечикиш ҳам ҳосил сифати ва нобудгарчилигига таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун техника ва уни бошқарадиган мутахассис ҳам мавсумга тайёр бўлиши керак.
Соҳа мутахассислари таъкидлаганидек, ғўза дефолиациясини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш ҳам пахтани қисқа муддатда йиғиб-териб олиш ва терим машиналаридан самарали фойдаланиш учун муҳим замин яратади.

Айни пайтда мамлакатда пахтачиликда замонавий агротехнологияларни кенг жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2025 йил 9-декабрда қабул қилинган Президентнинг “Пахтачилик ва ғаллачиликда ҳосилдорликни ошириш учун юқори самарадор интенсив агротехнологияларни қўллашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2026 йил учун пахтачиликда замонавий интенсив агротехнологияларни кенг жорий этиш натижасида ҳосилдорликни 50 центнердан ошириш мақсадли кўрсаткич сифатида белгиланган.
Шундай экан, далалардаги бугунги меҳнат, замонавий техника ва малакали механизатор маҳорати бир мақсадга — етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай, юқори сифатда йиғиб олишга хизмат қилади.
Ўқув-семинар якунида тингловчиларнинг эгаллаган билим ва кўникмалари баҳоланиб, курсни муваффақиятли тамомлаган механизаторларга масъул ташкилотлар вакиллари томонидан сертификатлар топширилди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири