Сифатли хизмат – иқтисодий самарадорлик омили
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 28 майдаги “Минтақавий аҳамиятдаги паст рентабелли, зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш – “йўл харитаси” дастурларини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори корхоналар қувватидан самарали фойдаланиш, мавжуд иш ўринларини сақлаш ва янгиларини яратишда дастуриламал бўлаётир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 28 майдаги “Минтақавий аҳамиятдаги паст рентабелли, зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш – “йўл харитаси” дастурларини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори корхоналар қувватидан самарали фойдаланиш, мавжуд иш ўринларини сақлаш ва янгиларини яратишда дастуриламал бўлаётир.Унга кўра “йўл харитаси” дастурлари ишлаб чиқилиб, зарар кўриб ишлаётган корхоналарнинг мавжуд активларидан унумли фойдаланиш, бўш турган ишлаб чиқариш майдонларини оптималлаштириш ҳамда ички имкониятларни сафарбар қилиш белгиланган. Ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасида жорий йилнинг 9 ойида 141 иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича тасдиқланган дастурлар кўмагида 119 корхона зарар кўриб ишлашдан чиқарилди.
Бу борада “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналарда ҳам муайян ишлар олиб борилди. Компания шаҳар йўловчи транспорти хўжалик бошқарувининг ваколатли органи бўлиб, йўловчи ташиш жараёнини бошқариш ва тартибга солиш ишларини амалга оширмоқда. Компания тармоқни ривожлантириш ва такомиллаштириш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш бўйича аҳоли талабларини тўлиқ қондириш мақсадида ўз таркибидаги корхона ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб, уларнинг иш самарадорлиги ҳамда молиявий барқарорлигини таъминламоқда.
– Айни пайтда пойтахтимизда 142 йўналиш бўйлаб 1,4 мингдан зиёд автобус ҳаракатланмоқда, – дейди “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик компанияси мутахассиси Фарҳод Ниғмонов. – Улар ҳар куни 3,5 минг километрдан ортиқ йўл босиб 25 мингга яқин қатновни амалга оширади. Тизимдаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш мақсадида истиқболли дастурлар ишлаб чиқилган бўлиб, улар зарар кўриб ишловчи корхоналарга татбиқ этилганда бир йилда 44,2 миллиард сўм самарадорликка эришилади. Режа асосида жорий йилда зарар кўриш даражаси 30 фоиздан ортиқ бўлган олтита автобус йўналиши, 18 йўналишли таксилар қатнови ёпилди, 12 йўналишнинг узунлиги қисқартирилди.
Зарарни камайтириш мақсадида компания корхоналарида қўшимча фаолият турлари ривожлантирилмоқда. “Тошавтотаъмирхизмат” унитар корхонаси орқали шаҳардаги автобуслар учун эҳтиёт қисмлар ва материалларни марказлаштирилган тартибда харид қилиш ва уларни таъмирлаш йўлга қўйилган. “Биринчи автокорхона” акциядорлик жамиятида махсус кийим тикиш цехи, “2-автобус саройи” қошида резинотехник материаллар ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилган.
Ҳар ойда сотилаётган 28 миллиондан ортиқ йўловчи чиптасининг 22 миллиони автобуслар улушига тўғри келмоқда. Бу жамоат транспорти тармоғида ер устида ҳаракат қиладиган транспорт воситалари энг оммабоп эканидан далолат беради.
Айни вақтда йўловчилар ташиш хавфсизлиги ва сифатини ошириш, қулай ва шинам автобуслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини мустаҳкамлаш, жамоат транспорти қатнови жадваллари ва оралиқ муддатларига қатъий риоя этишни таъминлаш мақсадида “онлайн” тартибида масофадан туриб назорат қилиш тизими – GPS-мониторинг мосламаларини ўрнатиш жорий этилмоқда.
Ҳозир шаҳарнинг ҳар бир автобус саройида биттадан йўналиш танланиб, қарийб 390 автобусга GPS-датчиклар (трекерлар) ўрнатилган бўлиб, иқтисодий самарадорлик 662,2 миллион сўмни ташкил этмоқда. GPS мониторинг тизими синови талаб энг кўп автобус йўналишларида жорий этилган.
GPS мониторинг тизими автобуслар турган жойи ва ҳаракат муддатини назорат қилиш, автобусларнинг кун давомида ва исталган муддат оралиғидаги иши (амалга оширилган қатновлар, ишни бошлаган ва тугатган вақти, рейсни бажариш вақтида босиб ўтилган йўл, тезлик, йўналишдан чиқиш тўғрисидаги ахборотлар) ҳақида маълумотлар олиш имконини беради. Транспорт воситаларининг охирги бекатларга келиш ва жўнаб кетиш вақтини қайд этиш, бекатларда узоқ туриб қолиши, юз бериши мумкин бўлган фавқулодда ҳолатларнинг ўз вақтида олдини олиш имконини берадиган видеокузатув тизими жорий этилмоқда. Мазкур тизим тезлик тартиби, жадвал ёки ҳаракатланиш пайтида оралиқ вақт бузилганда, авария ҳолати юзага келганда диспетчерга ҳайдовчи билан овозли режимда боғланиш ёки унга матнли хабар юборишга ёрдам беради.
Бугунги кунда шаҳардаги турли йўналишлар бўйлаб ҳаракатланаётган 170 автобусга икки томонлама сўзлашиш мосламалари ўрнатилган. Жорий йил охирига қадар шаҳар йўловчи транспорти йўналишларининг барчасида шундай замонавий усул жорий этилади. Келгусида мингдан ортиқ автобус бекат ва шоҳбекатларида электрон таблолар ўрнатиш мўлжалланмоқда. Унда қайси маршрут қайси вақтда келиши кўрсатилади, йўловчи эса ўзига керакли автобус қачон келиши ҳақида аниқ маълумотга эга бўлади. Шунингдек, мобиль телефон, смартфон, планшет эгалари www.via.uz сайтидан ўзи учун керакли бекатга у ёки бу автобуснинг келиш вақтини, амалдаги тарифлар, йўналишлар рўйхати ҳақида билиб олиши мумкин.
Қисқаси, йўловчиларга ҳар томонлама сифатли хизмат кўрсатиш, шу билан бирга, иқтисодий самарадорликни янада ошириш борасида барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бунинг учун энг замонавий технологиялар соҳага изчиллик билан жорий этилаётир.