Шуманайда йўл қурилиши жадал давом этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли учун хавфсиз ва қулай ҳаракатланиш шароитини яратиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги автомагистраллар ва ички автомобиль йўлларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Шуманай туманида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда туман марказини халқаро аҳамиятга эга А-380 автомобиль йўли билан боғловчи Д-235 (4Р-177) автомобиль йўлининг 45–67-километрлари оралиғида таъмирлаш ишлари ҳамда замонавий қора қопламали асфальт ётқизиш ишлари жадал давом этмоқда. Қурилиш жараёнига 30 нафарга яқин ишчи-ходим ва махсус техникалар жалб қилинган.
[gallery-30299]
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 2025 йил 15 июлдаги 293-сонли қарори ижроси доирасида туманнинг “Бегжап” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Уйғур овули аҳоли пункти ички йўлининг 0,45 километр қисмига қум-шағал аралашмаси ётқизилмоқда.
Амалга оширилаётган бундай ишлар аҳоли учун транспорт қатнови қулайлигини ошириш, йўллар сифатини яхшилаш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Мақсад ҲАБИБУЛЛЛАЕВ(сурат),ЎзА