Шри-Ланка қамоқхонасида қонли исён: 19 киши ҳалок бўлди
Шри-Ланканинг Негомбо шаҳридаги қамоқхонада юз берган оммавий тўқнашув оқибатида камида 19 инсон ҳаётдан кўз юмди, 100 дан ортиқ одам жароҳат олди. Расмийлар бу воқеани мамлакатдаги сўнгги беш йил ичидаги энг қонли қамоқхона исёни сифатида баҳоламоқда.
Маълумотга кўра, можаро икки жиноий гуруҳ ўртасидаги зиддият ортидан бошланган. Якшанба кечаси авж олган тўқнашув жуда тез назоратдан чиққан. Ҳалок бўлганлар орасида тартибсизликни тўхтатишга уринган тўрт нафар қўриқчи ҳам бор.
Жароҳатланган маҳбуслар ва қамоқхона ходимлари зудлик билан Коломбо шаҳри шимолида жойлашган Негомбо касалхонасига етказилган. Шифокорлар айрим жабрланганларда ўқ отар қуролдан етган жароҳат аниқланганини маълум қилди. Ҳодисадан сўнг хавфсизлик чораси кучайтирилиб, вазиятни кузатиш учун дронлар жалб этилди.

Қарийб 10 000 маҳбус сақланаётган муассаса атрофида юзлаб одам – маҳбусларнинг қариндошлари тўпланди. Маҳаллий аҳоли тун давомида ўқ овози эшитилиб турганини айтган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари вазиятни тўлиқ назоратга олиш учун қўшимча куч чақирган.
Мутахассислар фожиа мамлакат турмаларидаги ортиқча юклама муаммосини яна бир бор кун тартибига олиб чиққанини таъкидламоқда. Расмий маълумотга кўра, ҳозир Шри-Ланка қамоқхоналарида 41 000 дан зиёд маҳбус сақланмоқда. Бу миқдор мўлжалдаги сиғимдан қарийб тўрт баробар кўп.
Мусулмон Зиё, ЎзА