Шовона обод маҳаллага айланди
2024 йил Самарқанд вилоятининг олис Қўшработ туманидаги Шовона маҳалласи аҳолиси учун унутилмас йил бўлди. Чунки, якунига етаётган йилда маҳаллани оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш, инфратузилмани яхшилаш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш мақсадида кенг кўламли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари бажарилди.
– Ўтказилган хатлов асосида маҳалладаги деярли барча – 1000 га яқин хонадонда таъмирлаш ишлари олиб борилди, – дейди Шовона маҳалласи раиси Азиз Абдувоҳидов. – Электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 1 та янги трансформатор ўрнатилиб, 9 та трансформатор мукаммал таъмирланди, эски симёғочлар 470 та янги темир- бетон устунга алмаштирилди, 18 километр тармоқ тортилди. Маҳалладаги 30 та хонадон қўшимча равишда табиий газ тармоғига уланди, 6 та газ тақсимлаш қурилмаси таъмирланди. Тўлабости, Шавон-1, Шавона-2 сув иншоотларида янги насослар ўрнатилди. Маҳалладаги ички йўллар таъмирланиб, қарийб 26 километр тупроқ йўлга шағал ётқизилди. 4R-55 “Митан – Қўшработ – Нурота” йўлининг 9-15 километрлари оралиғига янги асфальт қопламаси тўшалди.
Қурилиш-бунёдкорлик ишлари давомида маҳалладаги оилавий поликлиника, 12-мактабгача таълим ташкилоти, 8, 9, 16 ва 35-умумтаълим мактаблари таъмирланди. Маҳалла учун янги бино, Нуронийлар маскани ва тикувчилик хонаси қурилди. Шунингдек, маҳалла марказида кичик бозорча ташкил этилди.
[gallery-21063]
Шовона, Кесовли, Тўлабости ва Шамолли қишлоқларида 5 та спорт майдончаси қурилди. 4 километр масофада пиёдалар йўлаги ва велойўлак қурилиб, 124 та тунги ёритиш чироғи ўрнатилди.
Аҳолини камбағалликдан чиқариш, кам таъминланган оилаларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши учун 48 та оилага ҳомийлар ҳисобидан жами 2500 бош товуқ берилди.
– Маҳалламиз бир йил ичида таниб бўлмас даражада ўзгарди, - дейди шовоналик фаол нуроний Раҳмат Очилов. – Ҳудудимизда бошланган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларида барчамиз қатнашдик. Ҳашарлар уюштирдик, кўчаларни обод қилдик. Бу ишларда бизга кўмак берган барча масъулларга миннатдорчилик билдираман.
Янги йил байрами арафасида маҳалладаги янги иншоотларни фойдаланишга топшириш маросими тўйга уланиб кетди, маҳалладаги эҳтиёжманд оилалар 10 нафар фарзандининг хатна тўйи ўтказилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари