Шоҳжаҳон Ёриев: Машғулотларга мажбурлаган отамдан бугун миннатдорман
Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг магистратура босқичи талабаси Шоҳжаҳон Ёриев санъаткор оиласида таваллуд топгани боисданми болалигиданоқ мусиқага, санъатга ошно бўлиб улғайди. Отаси унга чақалоқлигидаёқ дутор торларини черттириб, ўғли келажакда катта санъаткор бўлишини ният қилган эди.
Тақдирлар ниятга ҳам боғлиқ бўлади, албатта. Бугун Шоҳжаҳон отаси орзу қилганидек, санъат йўлидан кетиб, бир қатор ютуқларни қўлга киритди. Бухоро вилоятининг Ромитан туманидаги 12-сонли мусиқа ва санъат мактабида, кейинчалик Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактабида бир қатор устозлардан таҳсил олди. Рубобга бўлган қизиқиши, миллий чолғу асбобларини чалишга интилиши сабаб бу борадаги кўникмаларини бойитиб борди, мақом йўлларини, мақом асарларини пухта ўрганди.
Шоҳжаҳон 2014 йилда “Муҳиддин Қориёқубов“ номидаги кўрик-танловнинг Республика босқичи ғолиби, 2015 йилда “Камалак юлдузлари” танловининг Республика босқичи ғолиби, 2018 йилда Фаррух Мирусмонов номидаги “Ёш созандалар” Республика кўрик-танловида 3-ўрин соҳиби, 2021 йилда “Республика Ёш ижрочилар” кўрик-танловида 2-ўрин, Юнус Ражабий номидаги “Ёш мақом ижрочилари” кўрик-танловининг Республика босқичида 1-ўрин, Озарбайжоннинг Боку шаҳрида “Муғом олами” деб номланган 6-Халқаро муғом фестивали доирасида ўтказилган нуфузли кўрик-танловда 2-ўринга сазовор бўлган.

2024 йилда эса ЮНЕСКО шафелигида Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Шарқ тароналари” халқаро кўрик-танловида 2-ўринга муносиб деб топилди. У яна бир қатор кўрик-танловларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритди. Шоҳжаҳон бу каби ютуқлари билан миллий мақом санъатини кенг тарғиб қилиш ва янада ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келмоқда.
2025 йилда эса Шоҳжаҳон Ёриевнинг барча эришган ютуқ ва натижалари муносиб баҳоланиб, давлатимиз раҳбари томонидан “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди. Ёш истеъдод эгаси бу эътирофни ўзига катта масъулият деб билиб, ўз устида ишлашни янада кучайтирди. У “Шашмақом” турларини янада пухта ўрганиш, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида фаолиятини давом эттирган ҳолда келажак авлодларга миллий мақом санъати сирларини ўргатиш ниятида.

Шоҳжаҳон санъат йўлини танлаганию қатор натижаларга эришаётгани ҳақида тўхталар экан, бунда отасининг ҳиссаси, меҳнати катта бўлганини таъкидлайди:
– Болалигимда тенгдошларим, дўстларим кўчада ўйнаб юрган бир вақтда мен уйда ўтириб мусиқа билан шуғулланаётган бўлардим. Отам шуғулланишим учун бирор вазифа бериб “шуни бажарсанг, кейин ўйнайсан”, дердилар. Баъзан бундан хафа бўлиб, отамдан ранжир эдим. Ўшанда отам “ҳали вақти келади, ҳаммасини тушунасан, менга раҳмат айтасан” дердилар. Ҳозир шуни тушуняпманки, ўша пайтда отам, онам мени тўғри йўналтиргани учун бугун ўз йўлимни топдим. Миллий мусиқа санъатимизнинг нозик сир-асрорларини ўрганиб, мақом йўналишидаги етук устозларимизнинг орқасидан бориш ниятидаман. Қолаверса, аждодларимиздан мерос миллий санъатимизни ёш авлодга ўргатиб, уни бус-бутунлигича келажакка етказишга ҳисса қўшишни мақсад қилганман, – дейди Шоҳжаҳон.

Дарҳақиқат, бугун мустақиллик билан қадамма-қадам улғаяётган Шоҳжаҳон Ёриев сингари келажагимиз эгалари ўз танлаган йўлларининг энг юқори нуқталарида порламоқда. Уларнинг интилиши, ҳаракати, истеъдоди, иқтидори, эришаётганлари ва келажакдаги марралари давлатимизнинг доимий эътибори ва қўллаб-қувватловидадир.
Истиқлолимизнинг 35 йиллиги олдидан ўтган бу даврда миллатимизнинг минглаб ёшлари жаҳон саҳналарида ўзини намоён этгани, энг юксак марраларга муносиб бўлганини кўз олдимиздан ўтказамиз. Мамнунлик туямизки, Шоҳжаҳон каби иқтидорларимиз сафи ҳали кўп ва эртамиз Учинчи Ренессансни қурмоқликка қодир бўлган фарзандларимиз қўлида.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА