Шифокорлик пункти филиали фойдаланишга топширилди
Сайхунобод туманида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва бирламчи тиббий хизмат сифатини янада ошириш мақсадида изчил ишлар олиб борилмоқда. Шу жараённинг амалий ифодаси сифатида Мустақиллик маҳалласида 23-оилавий шифокорлик пункти (ОШП)нинг янги филиали фойдаланишга топширилди.
Мазкур бинони тумандаги "Уста Али Ҳамкор" МЧЖ қурувчилари барпо этишди. Қурилиш ва жиҳозлаш ишларига 911 миллион сўм йўналтирилди. Янги филиал замонавий тиббий ускуналар ва дастлабки тиббий ёрдам учун зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган.


Тадбирда туман ҳокими ўринбосарлари Шуҳрат Боратов ва Нодира Мирзаева иштирок этишиб, очилиш маросимини расман бошлаб беришди. Шуҳрат Боратов нутқида, янги филиал очилиши маҳалла аҳолиси, айниқса болалар, кексалар ва аёллар учун катта қулайликлар яратади деган фикрни билдирган бўлса, туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Абдували Шаматов янги филиалнинг аҳамияти ҳақида қуйидагиларни айтди:



– Ушбу филиалда яратилган замонавий шароитлар аҳолига бирламчи тиббий хизматларни осон ва ўз вақтида олиш имконини беради. Энди фуқаролар профилактик кўриклардан ўтиш, зарур таҳлиллар топшириш ва энг кўп учрайдиган касалликлар бўйича шифокор маслаҳатини шу ернинг ўзида олишлари мумкин. Бу янги поликлиника филиали маҳалла аҳолиси учун ҳақиқий қулайликлар яратади ва соғлом турмуш тарзини юритишда муҳим қадам бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири