ШҲТга аъзо давлатлар ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирлари йиғилиши ўтказилди
Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда ШҲТга аъзо давлатларнинг ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирликлари делегациялари, шунингдек, ШҲТнинг доимий органлари, Халқаро жиноий полиция ташкилоти (Интерпол) ҳамда МДҲ ҳудудида Уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли жиноятларга қарши курашишни мувофиқлаштириш бюроси вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида дастлаб делегация раҳбарлари Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров қабулида бўлди. Учрашувда томонлар халқаро муносабатлар тизими тубдан ўзгариб, глобал барқарорлик жиддий синовларга дуч келаётган бугунги шароитда ШҲТ ўзининг мустаҳкамлигини сақлаб қолаётгани ҳамда ўзаро ишонч ва хавфсизликни таъминлашнинг ишончли платформаси сифатида хизмат қилаётгани эътироф этилди.
Рақамли технологияларнинг жадал суръатларда ривожланиши билан боғлиқ масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш, кибермакондаги таҳдидларга қарши самарали ҳамкорликни кучайтириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Вазирлар йиғилишида халқаро ва минтақавий хавфсизликка доир долзарб масалалар муҳокама қилиниб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш, хавфсизликка таҳдид солаётган замонавий омилларни бартараф этиш ва мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш бўйича қўшма ҳаракатларни такомиллаштириш масаласи кўриб чиқилди.

Иштирокчилар синтетик гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва тарқатишга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, бу йўналишда ахборот алмашинуви ва тезкор ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.
Кибержиноятчиликка қарши самарали чоралар ишлаб чиқиш, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш соҳасида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Тадбир якунида эришилган келишувларни мустаҳкамлаш ва уларнинг амалий ижросини таъминлашга қаратилган йиғилиш баённомаси имзоланди.
***
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов ва Покистон Ислом Республикасининг Ички ишлар ва гиёҳванд моддалар назорати бўйича федерал вазири Саййид Муҳсин Ризо Нақвий ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.

Томонлар жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, айниқса, трансчегаравий характердаги жиноятларга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Учрашувда замонавий хавф-хатарларга қарши самарали чоралар кўриш, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш бўйича тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Терроризм ва экстремизм ҳамда наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш соҳаларида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Томонлар хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш борасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, маълумот ва илғор тажрибалар алмашинувини фаоллаштириш икки мамлакат учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўзаро дўстона ва самимий муҳитда ўтган учрашувда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА