Шерзод Шерматов Бутунжаҳон сунъий интеллект конференциясида иштирок этди
Хитойнинг Шанхай шаҳрида Бутунжаҳон сунъий интеллект конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Конференциянинг очилиш маросимида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин иштирок этиб, сунъий интеллектни ривожлантириш, унинг хавфсиз ва масъулиятли қўлланилиши ҳамда ушбу йўналишдаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланган маъруза билан сўзга чиқди.

Нуфузли халқаро тадбирда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳам иштирок этди.
Жорий йилги WAIC конференцияси доирасида сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт, инновациялар ва глобал AI бошқаруви масалаларига бағишланган 140 дан ортиқ форум, панель сессиялари ва муҳокамалар ташкил этилиши режалаштирилган. Унда дунёнинг турли мамлакатларидан 1400 нафардан ортиқ эксперт ва соҳа вакиллари, 1100 дан зиёд компания иштирок этмоқда. Шунингдек, 300 дан ортиқ янги технологик маҳсулот ва ечимлар илк бор тақдим этилади.

Конференция доирасида сунъий интеллект соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, илғор тажрибаларни алмашиш, AI технологияларини амалиётга жорий этиш ҳамда глобал бошқарув механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА