Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шерободда олтмиш йиллик кўприк янгидан қурилиб, ишга туширилди

Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги Қўрғон маҳалласида халқаро аҳамиятга эга М-39 ва М-41 автомобиль йўлларини боғловчи Шеробод дарёси устида тубдан реконструкция қилинган замонавий кўприк фойдаланишга топширилди.

Қурилганига қарийб олтмиш йил бўлган кўприк ўтказувчанлиги ўтган асрдаги транспорт қатновига мўлжалланган. Кейинги йилларда автомобиллар ҳаракати кўпайгани транспортлар тирбандлигини юзага келтираётган эди. Муаммога чек қўйиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўловчиларга қулай шароит яратиш учун кўприк тўлиқ қайта қурилди. Қарийб 13 миллиард 300 миллион сўм маблағ эвазига узунлиги 72 ва эни 26 метр бўлган янги кўприк қад ростлади. Уни “Ўзйўлкўприкқурилиш” кластерининг Сурхондарё филиали давлат муассасаси бунёдкорлари барпо этди. Кўприкнинг ишга туширилиши ҳудудлараро қатновни енгиллаштириб, савдо ва логистика жараёнларини тезлаштирди. Тирбандликка барҳам берилди. 

[gallery-26633]

Шу куни Термиз шаҳрида М39 автомагистралини Термиз дарё порти билан боғловчи 4Р23Н автомобиль йўлининг тубдан реконструкция қилинган 1,5 километр қисми ва Музработ туманидаги 4Р110 “Шеробод-Пошхурт-Оқтош-Музработ” автомобиль йўлининг 6 километр қисми ҳам фойдаланишга топширилди.

Давлат дастури доирасида янгидан бунёд этилган ҳар иккала автомобиль йўли учун 78 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиб, замонавий тўрт тасмали кенг, ёруғ йўл барпо этилди. Замонавий кўприк ва автойўлларни фойдаланишга топшириш маросимида сўзга чиққанлар яратилган бундай қулайлик учун давлатимизга чуқур миннатдорлик билдирди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири