Шеърият қалбда садоқатни улуғлайди
Президентимизнинг 2026 йил 1 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, талаба-ёшларнинг шеърият ва адабиётга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Бухоро давлат педагогика институти мезбонлигида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз” шиори остида “Шеърият шайдолари” шеърий кўрик-танлови юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур нуфузли танлов уч босқичда ўтказилиб, унда Бухоро давлат университети, Бухоро давлат техника университети, Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ҳамда Бухоро давлат педагогика институтининг иқтидорли талаба-ёшлари иштирок этди. Иштирокчилар аруз ва бармоқ вазнларида яратилган шеърлар, Ватанга садоқат, шукроналик ва эл-юртга муҳаббат мавзусидаги асарлар, шунингдек, монолог ижроси орқали ўз истеъдод ва бадиий маҳоратларини намоён этди.
Танловнинг якуний — вилоят босқичи кўҳна ва боқий Бухоро ҳудудида жойлашган муҳташам амфитеатрда тантанали равишда ўтказилди. Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов иштирок этиб, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилган ишлар юксак самара бераётганини алоҳида таъкидлади.
[gallery-29149]
– Бугунги кунда ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва юксак маънавиятни шакллантиришда адабиёт ва шеъриятнинг ўрни беқиёс. “Шеърият шайдолари” танлови ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, иқтидорли ёшларни кашф этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш учун муҳим майдонга айланмоқда. Бундай ташаббуслар келажакда янада кўплаб истеъдодли ижодкорларни тарбиялаб чиқаради, – дейди Бухоро давлат педагогика институти ректори Баҳодир Маъмуров.
Танловда ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, диплом ва пул мукофотлари билан тақдирланди. Шунингдек, ёшлар тарбиясида муносиб ҳисса қўшаётган устозларга ташаккурнома ва рағбатлантирувчи ваучерлар топширилди.
Байрамона руҳда ўтган тадбирда эрк ва истиқлолни, ёшлик ва орзуларни мадҳ этувчи шеърлар жаранглади. Институтнинг мусиқий таълим йўналиши талаба-ёшлари томонидан намойиш этилган концерт дастури эса иштирокчилар ва меҳмонларга унутилмас кайфият улашди.
“Шеърият шайдолари” танлови ёшларнинг бадиий тафаккурини ривожлантириш, уларнинг ижодий салоҳиятини намоён этиш ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу каби маънавий-маърифий тадбирлар юртимизда баркамол, билимли ва Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси кучли бўлган авлодни камол топтиришга хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.