Шахмат: Туркия ва Аргентинани мағлуб этган жамоаларимиз Венгрия ва АҚШ билан баҳслашади
Самарқандда ўтаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг муросасиз баҳслари дунёнинг 205 та давлатида кузатиб борилаётган бўлса, юздан зиёд давлатнинг оммавий ахборот воситалари, интернет саҳифалари, ижтимоий тармоқларида бевосита ёритиб борилмоқда.
Ортда қолган 4-тур ўйинларида у қадар шов-шувли натижалар қайд этилмаган бўлса-да, ўзига хос комбинацион ўйинлар кузатилгани билан аҳамиятли бўлди.
Ўзбекистонлик шахмат ишқибозлари эътибор марказидаги Ўзбекистон-1 ва Туркия терма жамоаси “дуэли” айтиш лозимки, турнинг марказий баҳсларидан бири бўлиши билан бирга, маҳоратли шахматчиларимиз учун энг мураккаб ўйин сифатида ёдда қолди.
Айтиш лозимки, ушбу баҳсда Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов рақиблари билан дуранг ўйнади. Нодирбек Ёқуббоевнинг туркиялик 28 ёшли Вахап Шанални мағлуб этишигина терма жамоамизга ғалаба йўлидаги муҳим очкони тақдим этди. Ушбу кўрсаткичлар эвазига Ўзбекистон-1 жамоаси Туркия шахматчиларини 2,5:1,5 ҳисобида енгишига олиб келди.
Ортда қолган 4-тур ўйинларида Ўзбекистон-2 жамоаси Янги Зеландияни 2,5:1,5, Ўзбекистон-3 вакиллари Яманни 3,5:0,5 кўринишида мағлуб этди.
Шунингдек, ушбу турда ғолибликка асосий даъвогар саналган АҚШ, Хитой, Ҳиндистон жамоалари Украина, Сербия ва Испания жамоаларини таслим қилди.
Шахмат олимпиадасининг аёллар мусобақасида Афруза Ҳамдамова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Умида Омонова, Гулдона Каримовадан иборат Ўзбекистон-1 жамоаси 4-турда Аргентина жамоасини 3:1 ҳисобида енгган бўлса, Ўзбекистон-2 вакиллари Қирғизистонга 1:3, Ўзбекистон-3 шахматчи қизлари Кубага 2,5:1,5 кўринишида имкониятни бой берди.
[gallery-31521]
Бугун, 20 сентябрь куни ўтадиган 5-тур ўйинлари остонасида эркаклар жамоалари орасида Хитой, Ўзбекистон, Арманистон, АҚШ, Ҳиндистон, Нидерландия ва Венгрия жамоалари юз фоизлик натижа билан олимпиададаги иштирокини давом эттирмоқда.
Уларни таъқиб этиб келаётган 8 та терма жамоа 7, 39 та давлат вакиллари 6 очкога эга бўлиб турибди. Эътиборли жиҳати, 6 очко жамғарган жамоалар орасида Ўзбекистон-3 ва Ўзбекистон-2 вакиллари ҳам бор.
Шахмат олимпиадасининг хотин-қизлар мусобақасида АҚШ, Хитой, Польша ва Ўзбекистон сингари 10 та жамоа 8 очко билан етакчилик қилаётган ҳолатда 2 та жамоа 7 ва 39 таси эса 6 очко билан пешқадамликка номзодларни таъқиб этмоқда.
Бугун ўтадиган 5-тур эркаклар мусобақасида Ўзбекистон-1 жамоаси Венгрия, Ўзбекистон-2 Филиппин, Ўзбекистон-3 вакиллари Австрия билан тўқнаш келади.
Аёллар мусобақасининг 5-турида Ўзбекистон-1 шахматчилари АҚШ, Ўзбекистон-2 жамоаси Тунис ҳамда Ўзбекистон-3 жамоаси Мадагаскар қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.
Эслатиб ўтамиз, 400 нафар эркаклар ва аёллар жамоалари қатнашаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўйинлари 11 та турдан иборат бўлиб, мусобақалар 27 сентябрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев,
Алимурод Мамадаминов (сурат),
ЎзА