Шахмат олимпиадаси: Йигитларимиз АҚШ, Нидерландия ва Қирғизистон жамоаларини мағлуб этди
Самарқандда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 9-тури Ўзбекистон жамоалари учун муваффақиятли кечди.
Нодирбек Абдусатторов сардорлигидаги Ўзбекистон-1 терма жамоаси асосий рақибларидан бири - АҚШ жамоасини, Жаҳонгир Воҳидов етакчилигидаги Ўзбекистон-2 вакиллари Нидерландия шахматчиларини мағлуб этди.
Ўзбекистон-1 эркаклар жамоаси сардори Нодирбек Абдусатторов биринчи тахтада оқ доналарда Фабиано Каруанани мағлубиятга учратган бўлса, Жавоҳир Синдоров қора доналарда Уэсли Сога имкониятни бой берди. Нодирбек Ёқуббоев ўз навбатида оқ доналарда Ҳанс Моке Ниеманни таслим этди. Ёш шахматчимиз Муҳиддин Мадаминов қора доналарда тажрибали Левон Аронян билан муроса йўлини танлаши натижасида ҳамюртларимиз 2,5:1,5 ҳисобида ғалаба қозонди.
[gallery-31624]
Ўзбекистон-2 жамоаси ФИДЕ рейтингида ҳамиша кучлилар қаторида қайд этиб келинадиган нидерландиялик шахматчиларни катта устунликда доғда қолдирди.
Шунингдек, Ўзбекистон-3 шахматчи йигитлари Қирғизистон жамоасини мағлуб этгани ҳам мазкур турнирнинг муҳим натижаси бўлди, дейиш мумкин.
Ўзбекистон аёллар жамоалари учун 9-тур ўйинлари жуда мураккаб кечгани натижаларда ўз аксини топди.
Ўзбекистон-1 жамоаси дунё рейтингида биринчи ўринда турадиган Ҳиндистон аёллар жамоасига, Ўзбекистон-3 шахматчи қизлари Италия вакилларига имкониятни бой берган вазиятда Ўзбекистон-2 жамоаси Исландия жамоасини 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди.
Т.Рўзиев, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА