Шахмат: Жаҳонгир Воҳидов Абу Даби турнирида муваффақиятга эришди
Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Дабида шахмат бўйича ўтказилган “32nd Abu Dhabi International Chess Festival” мусобақасининг “Masters” гуруҳида ҳамюртимиз Жаҳонгир Воҳидов ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
57 та давлатнинг 109 нафар шахматчиси иштирок этган турнирнинг “Masters” гуруҳида маҳоратли гроссмейстеримиз Ж.Воҳидов муносиб ўйин намойиш этди.
Жаҳонгир Воҳидов ўтказилган 9 та тур якунларига кўра, 7 очко жамғарди ва турнир ғолиби бўлди.

32-бор ташкил этилган мазкур турнирнинг “Masters” гуруҳида иккинчи ва учинчи ўринларни 6,5 очко жамғарган россиялик Даниэл Дубов ва ФИДЕ байроғи остида мусобақада иштирок этган Александр Рахманов эгаллади.
Мусобақанинг “Masters” гуруҳида дона сурган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Муҳаммадзоҳид Суяров, Миразиз Матяқубов 5 очко билан 33 ва 35-ўринлардан жой олди.
Турнирнинг “Open B” гуруҳида қатнашган ёш шахматчиларимиздан Муҳаммадзиё Умаров 7,5 очко билан 150 нафар қатнашчи орасида 4-поғонага эга чиқди.

Терма жамоамиз аъзоси Жаҳонгир Воҳидов “Masters” гуруҳидаги ёрқин ғалабаси туфайли мукофот жамғармасида белгиланган 15 минг АҚШ доллари билан тақдирланди.
Т.Рўзиев, ЎзА