Шахмат: Ҳикару Накамура Синдоров жамоасига қўшилдими?
Маҳоратли шахматчимиз Жавоҳир Синдоров Кипрда жаҳон чемпионати олди машғулотларини ўтказаётган айни кунларда унинг тайёргарлиги, мураббийлари, ҳамкорлари тўғрисида халқаро нашрларда, ижтимоий тармоқларда турли фикрлар билдирилмоқда.
Хусусан, куни кеча дунё шахмат оламининг турли ижтимоий тармоқлари америкалик Ҳикару Накамура Жавоҳир Синдоровга жаҳон чемпионлиги учун курашда ёрдам бераётганлиги тўғрисидаги хабарларни тарқатди.
Унда Накамура шу кунларда Кипрда Синдоровнинг тайёргарлик жамоасига қўшилгани ва машғулотларда қатнашаётганлиги айтиб ўтилган.
ФИДЕ рейтинги бўйича жаҳоннинг иккинчи рақамли шахматчиси ҳисобланган Ҳикару Накамура Жавоҳир билан ўтказаётган эҳтимолий машғулотлари хусусидаги муносабатларга тўхталиб, “мен унинг жамоасида эмасман. Лекин, 2.Ke2 юриши бўйича бироз маслаҳат беряпман”, дея ҳазиломуз жавоб қайтарган.

Айтиш лозим, Накамуранинг ушбу иқтибосида гап машҳур Бонгcлоуд юриши ҳақида кетмоқда. Бу юришда шоҳ ўйиннинг бошидаёқ олдинга чиқади ва шахматчилар ундан кўпинча ҳазил тариқасида фойдаланишади.
Ҳикарунинг ҳазилига кўра, у бу юришни аслида Магнус Карлсенга қарши жаҳон чемпионати учун тайёрлаган. Энди эса ўша тайёргарлигини Синдоров билан давом эттираётган бўлиши эҳтимол...
Накамура журналист ва блогерларнинг машғулот тўғрисидаги муносабатига фикр билдириб, Магнус Карлсен Гукешга жаҳон шахмат тожини ҳимоя қилишда маслаҳат бераётган бўлиши мумкинлигини айтиб ўтган.
Т. Рўзиев, ЎзА