Шахмат: Афруза Ҳамдамова ёшлар ўртасида жаҳон чемпионлигига эришди
Сербиянинг туристик марказларидан бири Врнячка-Бане шаҳарчасида 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида ўтаётган ФИДЕ жаҳон чемпионатининг рапид йўналишида Афруза Ҳамдамова ғолибликка эришди.
40 та давлатнинг 450 нафардан зиёд спортчилари қаторида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ўз ёш тоифаларидаги баҳсларда ғолибликка даъвогарлик қилиш асносида катта тажриба тўплагани, айрим вазиятларда кучли шахматчиларни доғда қолдиргани эътиборли бўлди.

11 та турдан иборат рапид мусобақаларининг ўғил болалар баҳсида 8 ёшли шахматчилар орасида Муҳаммадюсуф Баҳромов ва Комилжон Муртазаев 6 очко жамғариб, 9-10 ўринни, Нурмуҳаммад Неъматиллахонов 8,5 очко билан 10 ёшлилар орасида 4-ўринни, Исломбек Ҳасанов 8 очко билан 12 ёшлилар орасида 3-ўринни, Абдумажид Ботиралиев 7 очко билан 14 ёшлилар орасида 7-ўринни ва Акбарали Абдуҳакимов 6,5 очко билан 18 ёшлилар орасида 11-ўринни эгаллади.
Шахматчи қизлар ўртасидаги мусобақада Афруза Ҳамдамова 8,5 очко билан 18 ёшлилар мусобақасида рапид йўналишида жаҳон чемпионлиги шоҳсупасига кўтарилгани тарихий аҳамият касб этди.

Шунингдек, шахматчи қизларимиздан 12 ёшлилар орасида Ҳуснорахон Ҳусниддинова 4 очко билан олтинчи, Лазизабону Комилжонова ва Моҳинур Ҳикматхонова 14 ёшлилар ичида 6,5 очко билан саккизинчи ва тўққизинчи, Нилуфархон Имомқўзиева 7,5 очко билан 16 ёшлилар курашида тўртинчи ўринлардан жой олди.
Бугун, 18 апрель куни жаҳон чемпионати дастурига биноан дам олиш куни сифатида белгиланган.
19-20 апрель кунлари эса блиц йўналишида ёш тоифалари бўйича жаҳон биринчилигининг ғолиб ва совриндорлари аниқланади.
Т.Рўзиев, ЎзА