Шаршаранинг таъмирга муҳтож йўллари
ФОТОТАНҚИД
Фарғона шаҳридаги 48-сонли “Шаршара” маҳалла фуқаролар йиғинида жами 1004 хонадон мавжуд бўлиб, уларда 4 минг 773 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалланинг ички йўллари ҳолати барча ҳудудларда ҳам қониқарли эмас.
Айрим кўчаларда йўл қопламасининг эскириши аҳоли учун жиддий ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Мазкур йўллар таъмирга муҳтож. Маҳалланинг 88-хонадонида яшовчи фуқаро Азизбек Рўзиевнинг айтишича, ички кўчаларнинг айрим қисмлари уч йилдан ортиқ вақтдан буён ўнқир-чўнқир ҳолатда қолиб келмоқда. Ушбу кўчадан автомашинада ҳаракатланилса, йўлнинг вайрон ҳолати яққол сезилади.
[gallery-27026]
Мазкур масала юзасидан бир неча бор тегишли идораларга мурожаат қилинган бўлсада, ҳозирга қадар кўчалар таъмирланмай, қаровсизлигича қолган. Аҳоли мазкур муаммога мутасадди ташкилотлар томонидан эътибор қаратилиб, ички йўлларни таъмирлаш ишлари амалга оширилишини кутмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА