Сейсмология институтининг ўтган йиллар давомида ривожи
Инсоният тарихи нафақат юксалишлар, балки табиатнинг шафқатсиз синовлари билан ҳам шаклланади. 1966 йил 26 апрель тонгида содир бўлган Тошкент зилзиласи Ўзбекистон халқи хотирасида мислсиз матонат ва “қайта туғилиш” тимсоли бўлиб қолди. Орадан роппа-роса 60 йил ўтиб, 2026 йилда халқаро ҳамжамиятнинг айнан Тошкентда жам бўлиши юксак рамзий маънога эга.
Ушбу олтмиш йиллик давр вайроналар устида замонавий мегаполисни барпо этиш, талафотни эса тажрибага айлантириш босқичи бўлди. Бу йил Марказий Осиёда ягона бўлган Сейсмология институти ташкил этилганининг 60 йиллиги бизга ўтмиш сабоқларини таҳлил қилиш ва келажак хавфсизлигини илм-фан орқали кафолатлаш имконини беради.

1966 йилги ер силкиниши минтақада сейсмология фанининг ривожланишида туб бурилиш нуқтаси бўлди. Ўша вақтда сейсмик ҳолатни ўрганиш етарли даражада бўлмагани боис, фожианинг кўлами кутилганидан анча катта бўлган эди. Фожиадан сўнг дарҳол ташкил этилган Ўзбекистон Фанлар академияси Сейсмология институти ўтган йиллар давомида дунё тан олган илмий мактабга айланди. Институт олимлари томонидан зилзилаларнинг даражаларини аниқлаш, ер ости сувларининг кимёвий таркиби ўзгаришини кузатиш каби ноёб қўлланмалар ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда Тошкентнинг ҳар бир қарич ери сейсмик микро-туманлаштириш хариталарига эга. Бу хариталар замонавий қурилишларнинг асоси ҳисобланади. Олтмиш йиллик тарихий давр шуни кўрсатадики, Ўзбекистон нафақат фожиа оқибатларини бартараф этишда, балки унинг такрорланишидан ҳимояланишда ҳам илмий асос кўрсатди.
2026 йилда Сейсмология институти ташкил этилганининг 60 йиллик юбилейи шунчаки сана эмас, балки инсоният ақл-заковати ва технологик тараққиётининг табиат кучларига қарши “қалқони” ҳисобланади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА