Сергели туманида 24 соат фаолият юритадиган туристик кўча ташкил этилади
Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган Янги Сергели кўчаси замонавий туристик масканга айлантирилади. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун 5 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди.
Тошкент шаҳар ҳокими томонидан 3 июнь куни имзоланган қарорга мувофиқ, Янги Сергели кўчаси сутка давомида, яъни 24 соат фаолият юритадиган туристик кўча сифатида ташкил этилади.
Лойиҳани молиялаштириш Tashkent City Development Fund маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ажратилган маблағлар қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, шунингдек, замонавий шаҳар инфратузилмасини яратишга йўналтирилади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур ташаббус Сергели туманининг туристик жозибадорлигини ошириш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ҳамда аҳоли ва меҳмонлар учун қулай дам олиш муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Сергели туманида гастрономик кўча ташкил этиш режалаштирилаётгани ҳақида маълум қилинган эди. Янги лойиҳа мазкур ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилган навбатдаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА