Сенатор: жиноятчиликни жиловлаш ва коррупциянинг олдини олишга қаратилган амалий ишлар бошланди
Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Давлатимиз раҳбари суд-ҳуқуқ соҳасида ҳамда коррупцияга қарши курашиш борасида йўл қўйилган камчиликлар ҳамда уларни бартараф қилиш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган масалаларга эътибор қаратди.
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр билдирди:
– Президентимиз асосий муаммо сифатида амалдаги қонунчилик асосан жиноятни жазолашга қаратилганини кўрсатиб ўтди. Шундан келиб чиқиб, коррупциянинг олдини олиш, аҳолини унга тоқатсизлик руҳида тарбиялаш, коррупциявий жиноятлар рўйхатини белгилаш, жиноятни фош этишга ёрдам берганларни эса рағбатлантиришнинг ҳуқуқий асослари қайта кўриб чиқилади.
Бу борада ҳудуддаги прокурорлар, ички ишлар органлари, адлия ва бошқа ташкилотлар томонидан доимий равишда миллий кенгашга таклифлар бериб борилиши мақсадга мувофиқ.
Давлат хизматига ишга қабул қилиш жараёнидаги коррупциявий ҳолатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу борадаги асосий вазифа – давлат хизматига қабул қилиш ҳамда фаолиятни олиб боришда “ҳалоллик вакцинаси” тамойили ва механизмларини жорий этишдир.
Бунда, алоҳида норматив ҳужжат билан ишга қабул қилишда очиқ ва шаффоф тизим яратиш, давлат хизматчиларининг “коррупцияга мойиллигини текшириш” институтини жорий этиш ҳамда давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрини тасдиқлаш зарур.
Жиноий даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда ноқонуний бойлик орттириш учун жавобгарликни халқаро стандартларга мослаштириш чораларини ҳам кўриш керак.
Тергов ишларидаги мавжуд муаммолар ҳам қайд этилди. Тергов фаолияти устидан тўлиқ электрон шаклда назорат олиб бориш имкониятини яратиш, тергов ходимларининг билим ва малакасини доимий тарзда ошириб боришзарур.
Берилган вазифалардан келиб чиқиб, ҳоким, прокурор, ички ишлар органи бошлиғи томонидан жиноят содир қилган шахслар билан индивидуал тарзда суҳбат қилиш тизими йўлга қўйилса, албатта, такрорий жиноятларнинг олди олинган бўлади.
“Маҳалла еттилиги” билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиш бўйича аниқ ишларни олиб бориш керак. Доимий тарзда хонадонларга ташриф буюриб, ишсизларни банд қилиш ёки ўзларига мос бўлган иш билан машғул бўлишига кўмак беришимиз лозим. Бунда, маҳаллий кенгашлар депутатларини бу жараёнга бевосита жалб этиш кўпроқ самара беради.
Белгиланаётган вазифаларнинг ижросини таъминлаш учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур. Бунда, ҳуқуқ-тартибот органлари қошидаги илмий-таълим муассасалари салоҳиятидан кенг фойдаланиш, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан ходимлар учун “виртуал академия” орқали малака ошириш машғулотларини ўтказиш, чекка ҳудудларда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш жуда муҳим.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ ННТ мавжудлигини инобатга олиб, ушбу жараёнга уларни ҳам кенг жалб қилиш фойдадан холи эмас.
Президентимиз томонидан белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирлик ва идоралар билан биргаликда иш олиб боряпмиз.
Бу борада Сенатда ишчи гуруҳи ҳам шакллантирилган. Ишчи гуруҳ томонидан йўл харитаси ишлаб чиқилиб, унда
юзга яқин чора-тадбирлар назарда тутилган.
Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси, Бош прокуратура, Ички ишлар ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда барча вилоятларнинг туман ва шаҳарларига чиқиб, коррупциявий омиллар, шу жумладан, маиший коррупциянинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилди.
Шу кунларда ҳудудларда ўрганишлар ўтказилмоқда. Натижалари маҳаллий кенгашларда муҳокама қилинади.
Ўйлайманки, жиноятчиликни жиловлаш ва коррупциянинг олдини олиш борасида олдимизга қўйилган вазифаларни тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширамиз. Шу орқали коррупциянинг олдини олишга эришамиз.
Норгул Абдураимова, ЎзА