Сенатор: соҳалардаги коррупцияни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар кўрилади
Президент раислигида ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича қилинган ишларга баҳо берилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Гулнора Маруфова шу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Коррупцияга қарши курашиш масаласи Сенат Раиси бошчилигидаги Миллий кенгаш томонидан доимий равишда танқидий кўриб чиқилиб, камчиликлар бартараф этиб борилмоқда. Қўмитамизда ҳам ўз йўналишимизга доир масалаларни кўриб чиқишда коррупция ҳолатларининг олдини олиш эътибор марказида. Чунки коррупция ҳар қандай соҳани кемирадиган салбий иллатдир.
Тадбиркорликдаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, соғлиқни сақлаш, бандлик, банк, давлат харидлари, қурилиш, сув хўжалиги, нефть-газ каби соҳаларда учраб турадиган коррупция ҳолатларини, уларни келтириб чиқараётган омилларни бартараф этишга қаратилган таъсирчан чораларни кўрамиз.
Шунингдек, ҳудудларда жиноятчилик, маиший коррупция ҳолатларининг олдини олиш борасидаги ишларни тизимли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратамиз.
Ҳар ойда бевосита жойларга чиқиб, ҳудудий кенгашлар ҳамда соҳага масъул органлар билан биргаликда реал ҳолатни холис ўрганиб, муҳокама қилиб, жиноятчиликни қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқамиз. Бу борада сусткашликка йўл қўяётган мутасаддиларга нисбатан чоралар кўриш бўйича таклифлар киритамиз.
Президентимиз, қанчалик қийин бўлмасин, мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, одамларни рози қилиш борасида жуда катта ишлар қилинаётган бир пайтда, ҳануз ортиқча дабдабабозликка берилиш, ўзини кўз-кўз қилиш ҳолатлари учраб турганини афсус билан тилга олди.
Айниқса, бунга ҳаммага намуна бўлиши керак бўлган раҳбарларнинг йўл қўяётганини ҳеч нарса билан изоҳлаб бўлмайди, деди Президентимиз.
Шу боис, таълим тизимида масъуллар билан бирга мактабгача ва мактаб даврларидан бошлаб болаларда бу иллатга қарши курашиш иммунитетини ҳосил қилиш бўйича зарур чораларни кўрамиз.
Мажлисда кўрсатиб ўтилган бошқа вазифаларнинг ижросига қаратилган кенг қамровли, аниқ манзилли “йўл харитаси”ни ишлаб чиқамиз ва дарҳол ишга киришамиз. Бу йўналишда амалга оширилаётган ишларимизни эндиликда сифат, қамров ва мазмун жиҳатдан мутлақо янги даражага олиб чиқамиз.
Н.Абдураимова, ЎзА