Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси қачон ўтказилиши маълум қилинди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг ўн бешинчи ялпи мажлисини чақириш масаласи кўриб чиқилди.
Ялпи мажлисда электрон тижорат соҳасини ривожлантириш, миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти талаблари билан уйғунлаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга оид қонунлар муҳокама қилинади.
Иқтисодий ва маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар ҳамда тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, креатив иқтисодиётни ривожлантириш, рақамли маркировкалаш тизими самарадорлигини ошириш, маданий мерос соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга доир қонунлар ҳам сенаторлар муҳокамасига киритилган.
Бундан ташқари, гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштириш, умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизматга оид қонунчиликни такомиллаштириш масалалари кун тартибидан ўрин олган.
Ялпи мажлисда парламент назорати доирасидаги қатор масалалар ҳам муҳокама қилинади. Жумладан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирига қурилиш соҳасида коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш юзасидан, Вазирлар Маҳкамасига табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги ҳолати юзасидан парламент сўровлари юбориш масалалари кўриб чиқилади.
Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг 2025 йилда бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси эшитилади.
Кенгаш қарорига мувофиқ, Сенатнинг ўн бешинчи ялпи мажлиси 2026 йил 18 май куни ўтказилади.
Н.Абдураимова, ЎзА