Олий Мажлис Сенатида халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари раислари ҳамда ҳокимлар учун ўқув семинарлари якунланмоқда.
29-31 январь кунлари мазкур ўқувларда қатнашаётган тўртинчи гуруҳ тингловчилари Сурхондарё, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларининг маҳаллий бошқарув органлари раҳбарларидан ташкил топди.
Семинарлар маҳаллий даражада бошқарув қарорларини қабул қилишда янги ёндашувларни жорий этиш, кенгашлар фаолиятининг натижадорлигини ошириш, ижтимоий масалаларни ҳал этишда тизимли режалаштириш ва таҳлилга таянган иш услубларини шакллантиришга қаратилди.

Машғулотлар жараёнида тингловчилар ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва ижросини назорат қилиш, маҳаллий бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ масалалар, шунингдек, бу борада ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича амалий билимларга эга бўлди.
Кенгашларда депутатлик сўровлари билан ишлаш, ижро интизомига риоя қилиш, маҳаллий ҳокимият ижро органлари фаолияти устидан депутатлик назоратини кучайтириш, жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўқув семинарлари доирасида рақамли таҳлил воситалари орқали муаммоларни аниқлаш, аҳоли мурожаатларини тизимли ўрганиш, маълумотлар асосида қарор қабул қилиш ҳамда натижадорликни баҳолаш кўникмалари ҳам мустаҳкамланди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева тингловчиларга мурожаат қилиб, маҳаллий раҳбарларнинг фаолиятида ташаббускорлик, шахсий жавобгарлик ва аҳоли билан доимий мулоқот муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Ҳар бир қабул қилинаётган қарор жойларда ижобий ўзгаришларга олиб келиши, депутатлар ва ҳокимлар ўз фаолиятида қонунийлик, адолат ва очиқлик тамойилларига қатъий амал қилиши зарурлиги қайд этилди.
Семинарлар якунида иштирокчилар жойлардаги муаммоларни аниқлаш, уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш, аҳоли билан ишлашда самарали механизмларни қўллаш ҳамда қабул қилинган қарорларнинг ижросини таъминлаш бўйича амалий билим ва кўникмаларга эга бўлади.

Н.Абдураимова, ЎзА