Сенат Раиси: Аҳолини, айниқса, ёшларни коррупцияга тоқатсизлик руҳида тарбиялаш зарур
Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси эътибор марказида бўлди.
– Биринчи галда коррупцияга қарши курашишнинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш устида ишлашимиз керак, – деди Сенат Раиси Танзила Норбоева. – Бунда, профилактик, превентив механизмларни яратиш, коррупциявий жиноятлар рўйхатини белгилаш, жиноятни фош этишга ёрдам берганларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, мол-мулк декларациясининг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, аҳолини, айниқса, ёшларни коррупцияга тоқатсизлик руҳида тарбиялашимиз зарур.

Сенатнинг қонунчилик ташаббусига оид ваколатлари доирасида қонунчилик таклифларини ишлаб чиқишда ҳар бир қўмитадан биринчи навбатда, тегишли соҳа ва тармоқларда коррупциявий омилларни бартараф этиш масаласига устуворлик бериш талаб этилади.

Давлат органлари таркибидаги коррупцияга қарши курашиш бўлинмалари (комплаенс-назорат) масъулияти ва жавобгарлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Улар ўзлари мансуб бўлган ташкилотда аниқланган коррупциявий ҳолатлар бўйича коррупцияни содир этган шахс билан бир хилда жавобгар бўлишига оид тизим йўлга қўйилади.
Шу боис, Сенат қўмиталари парламент назоратига оид ўрганишларни ташкил этишда мазкур тизим доирасидаги ишлар ҳолатига алоҳида эътибор қаратади.
– Давлат хизматида “ҳалоллик вакцинаси” тамойили ва механизмларини янада қатъий ва тизимли равишда ривожлантириш талаб этилади. Шу боис, ишга қабул қилишда очиқ ва шаффоф тизим, давлат хизматчиларининг “коррупцияга мойиллигини текшириш” институти ҳамда давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилишининг норматив-ҳуқуқий асосларини яратиш бўйича ишларни ташкил этамиз. Айни пайтда бу борада амалий ҳаракатларга киришилди. Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ҳузурида раҳбар кадрлар захирасига олинган кадрларда коррупцияга мойиллик масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия иш бошлади, – деди Сенат Раиси.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА