Сенат: Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик янада мустаҳкамланади
Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартномани (Душанбе, 2024 йил 18 апрель) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
– Ён қўшнимиз Тожикистон Республикаси ва барча Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларимиз юқори даражага кўтарилиши Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари, очиқлик ва яхши қўшничилик сиёсатининг ютуғи, деб бемалол айтсак бўлади, - деди Сенат Раиси Танзила Норбоева. – Шартномада мамлакатларимиз учун ҳаётий муҳим аҳамиятга эга бўлган барча жиҳатлар қамраб олинган. Айниқса, унда бевосита биз – халқ вакиллари учун аҳамиятли бўлган “парламент дипломатия”сини ривожлантиришга алоҳида урғу берилгани ўзаро дўстлик ва ишонч ришталари янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодийалоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси аъзоси Жамила Бобоназарова Марказий Осиё давлатлари орасидаги муносабатларнинг яхшиланиши минтақавий барқарорлик ва хавфсизликка салмоқли ҳисса қўшаётганини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолиятида минтақадаги тарихан, маданият ва иқтисодиёт жиҳатидан ўзаро чамбарчас боғланган қардошларимиз, шу жумладан, Тожикистон Республикаси билан яқин қўшничилик ва дўстлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда.
Таъкидлаш керак, охирги йилларда икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик янги даражага кўтарилди.
Мазкур Шартнома Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 18 апрелда Тожикистон Республикасига давлат ташрифи доирасида Душанбе шаҳрида имзоланган.
Шартнома икки давлат ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янги – иттифоқчилик даражасига олиб чиқишга қаратилган.

Ушбу ҳужжат халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилган ҳолда минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этиш, давлат чегараларини демаркация қилиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш, сув-энергетика соҳасида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш, парламент дипломатиясини ривожлантириш ва ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш каби йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришни назарда тутади.
Шунингдек, иқтисодий, инвестициявий, фан-техника, маданият, таълим, спорт ва туризм соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш, терроризм, экстремизм ва трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Сенаторлар маъқуллаган қонун Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА