Сенат: оилавий зўравонликдан жабрланган шахсга суд томонидан ярашиш учун муҳлат тайинланмайди
Амалдаги қонунчиликка кўра, оиладаги тазйиқ ва зўравонлик сабаб судга ариза билан мурожаат қилинганда, суд эр-хотинни яраштириш учун муайян муҳлат беради.
Афсуски, ушбу берилган муҳлат ичида оилавий низо ва жанжаллар қайта содир этилиши аёлларнинг ўз жонига қасд қилишига, уларга етказилган тан жароҳатлари эса уларнинг бевақт ўлимига сабаб бўлмоқда.
Шу боис, хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш долзарб масала. Сенат Раиси Танзила Норбоева раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси бу йўналишда изчил ишларни амалга оширмоқда. Хотин-қизлар ҳуқуқлари, уларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қонунлар қабул қилинган.

Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун шу йўналишдаги ишларнинг мантиқий давомидир.
Қонундаги нормалар оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қайта шу каби тазйиққа учраш ҳолатларининг олдини олиш, турар жойга мажбурий тартибда киритиш билан боғлиқ масалаларни тартибга солади.
Қонун бўйича маъруза қилган Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова қонун билан амалиётга жорий этилиши кутилаётган нормаларга асосан суд ишни кўришни кейинга қолдирмай ўз вақтида қарор қабул қилишини қайд этди. Бу низоли оилаларда мунтазам зўравонлик ҳолатлари ва оғир жиноятлар содир этилишининг олдини олади.

Хусусан, оилавий зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра, суд томонидан ярашиш учун муҳлат тайинламаслик назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, мазкур қонунга кўра, турар жойдан фойдаланиш ҳақидаги низолар кўриб чиқилаётганда, суд тарафларнинг келишувига асосан мулкдорнинг ташаббусига кўра турар жойга мажбурий тартибда киритилаётган тарафни мулкдорга тегишли мутаносиб шароитларга эга бўлган бошқа турар жойга киритиш ёки ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини мулкдорнинг зиммасига юклатиши мумкин.

Сенатор Рустам Калоновнинг қайд этишича, оиладаги зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар жабрини асосан аёллар кўради. Бу кўплаб аёлларнинг ҳуқуқлари топталишига, турмуш тарзидан қониқмай, ҳатто ўз жонига қасд қилиш даражасигача боришига, вояга етмаган фарзандларининг она меҳридан эрта мосуво бўлишига сабаб бўлмоқда. Қонуннинг қабул қилиниши оиладаги низоларни ўз вақтида қонуний асосда ҳал қилишга хизмат қилади.
Сенаторлар маъқуллаган қонун оилавий (маиший) зўравонлик жиноятидан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кучайтиришга, шунингдек, хотин-қизларнинг фаоллигини оширишга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА