Сенат: Фуқаролар мурожаатларини чуқур ўрганиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш зарур
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг мажлисида Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларига оид мурожаатларни кўриб чиқиш ҳолати муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг ўтган даврида Қашқадарё вилоятидан Олий Мажлис Сенати, Халқ қабулхоналари ҳамда тегишли вазирлик ва идораларга 4,4 мингта мурожаат келиб тушгани қайд этилди.
Мурожаатларнинг 1,65 минги сув хўжалиги, 1,48 минги эса экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда 1,25 минги қишлоқ хўжалигига тааллуқли. Мурожаатларни кўриб чиқиш ва аҳоли муаммоларини ҳал этиш борасида муайян натижаларга эришилган. Келиб тушган мурожаатларнинг 60 фоизи ижобий ҳал этилган.
Сув хўжалиги соҳасида аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш мақсадида мурожаатларни тезкор қабул қилиш механизмлари жорий қилинган. Хусусан, телеграм мессенжерида “Сув хўжалиги вазирлигига мурожаат” портали, 24/7 режимида ишловчи ишонч телефони фаолияти йўлга қўйилган.

Муҳокама жараёнида мурожаатларнинг келиб тушиш сабаблари ва ҳудудлар кесими бўйича таҳлилга кўра айрим йўналишларда тизимли муаммолар сақланиб қолаётгани қайд этилди.
Сув таъминоти ва ирригация инфратузилмаси, ер муносабатлари, экологик ҳолат, қишлоқ хўжалигида субсидия ва кредитлар ажратиш, етиштирилган маҳсулотлар учун ҳисоб-китобларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар шулар жумласидан.
Фуқаролар мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни чуқур ўрганиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш, муаммоларни қуйи бўғиннинг ўзида ҳал қилиш, аҳоли билан мулоқотни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Муҳокама якунида қўмитанинг аниқланган муаммоларни бартараф этиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА