Сенат фаолиятида маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорлик кучайтирилгани яққол кўзга ташланмоқда
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сенатнинг биринчи мажлисидаги нутқида қонунларни муҳокама қилишда янгича механизмларни жорий этиш, айниқса, қонун ижодкорлиги жараёнига маҳаллий кенгашларни кенг жалб этиш, ҳар бир қонун бўйича уларнинг фикрини олиш амалиётини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этган.
Айни пайтда Сенат фаолиятида бунинг амалдаги исботи яққол кўзга ташланмоқда. Сенатнинг, айниқса, қўмиталарнинг маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорлиги кучайтирилди.
Қонунлар ва бошқа масалаларни кўриб чиқишда, ялпи мажлисларда маҳаллий кенгашлар вакиллари, улардаги мавжуд комиссиялар аъзоларининг фикрлари инобатга олинмоқда.
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази билан ҳамкорликда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари учун ўтказилган семинар ҳам шу мақсадга қаратилди.
Қўмита раиси Анвар Тўйчиев бошқарган семинарда Сенат ва маҳаллий кенгашлар олдида турган долзарб вазифалар ва муҳим ташаббуслар муҳокама қилинди.
Хусусан, соҳага оид қонунларни кўриб чиқишда маҳаллий кенгашлар депутатларини жалб қилиш ҳамда уларнинг фикрини олиш, қонунлар қабул қилинишида ҳудудларнинг ўзига хос хусусияти ва имкониятларини ҳисобга олиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, маҳаллий кенгашлар ва доимий комиссиялар фаолиятини янада ривожлантириш, қўмита ва маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маҳаллий ижро ҳокимияти устидан назоратни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Семинарда Сенат томонидан ишлаб чиқилган услубий қўлланма ва намунавий тартибларнинг мазмун-моҳияти маҳаллий кенгашлар депутатларига тушунтириб ўтилди. Жумладан, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соҳада янги иш ўринларини яратишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан қатъий депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб бориш тартиби тушунтирилди.
Бундан ташқари, маҳаллий кенгашлар депутатлари ва котибияти ходимлари томонидан кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда қабул қилинаётган ҳужжатларнинг сифатли бўлишини таъминлашда эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Бунда, мутахассислар томонидан ҳужжатларни расмийлаштиришда соҳада кузатилаётган муаммолар мисолида тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Сенаторлар, экспертлар, маҳаллий кенгашлар котибияти ва доимий комиссиялари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда маҳаллий кенгаш депутатлари сўзга чиқиб ўз фикрлари ва таклифларини билдирди ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Норгул Абдураимова, ЎзА