Сенат: Ер ажратишни тартибга солувчи қоидаларни халқаро ҳуқуқ нормаларига мослаштириш зарур
Мамлакатимизда ердан оқилона ва самарали фойдаланиш, ерга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги иқтисодий фаолият учун қулай ҳуқуқий муҳит яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ерни бозор активига айлантириш, фермер ва деҳқон хўжаликларининг молиявий имкониятларини кенгайтириш, ўрмон фонди ерларининг тоифасини ўзгартириш тартибини аниқ белгилаш, ер ажратишни тартибга солувчи қоидаларни халқаро ҳуқуқ нормаларига мослаштириш зарурати юзага келмоқда.
Бу Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида қайд этилди.
Шу муносабат билан ишлаб чиқилган “Ер тўғрисидаги қонунчилик янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон фонди ерларидан оқилона, самарали ва узлуксиз фойдаланиш, ер участкалари ажратишни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, бўш турган ер участкаларининг ўз вақтида ҳисобга олинишини ва реализация қилинишини ташкил этиш ҳамда ижарачиларнинг ва мулкдорларнинг ҳуқуқларини ишончли тарзда ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, қонун ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон фонди ерларидан оқилона, самарали фойдаланиш, ер участкалари ажратишни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА