Сенат: экстерриториал судлов тартиби жорий этилади
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига иқтисодий ва маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар ва тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга ҳамда одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур қонун бўйича маъруза қилган Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлили тадбиркорлар ва фуқаролар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда суд тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш зарурлигини кўрсатаётганини таъкидлади.

Хусусан, суд амалиётини бирхиллаштириш, судлар бошқаруви тизимини соддалаштириш ва одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Шу боис, қонун билан Жиноят-процессуал, Иқтисодий процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга муҳим ўзгартиришлар киритилмоқда.

Экстерриториал судлов тартибининг жорий этилиши асосий янгиликлардан бири ҳисобланади. Эндиликда фуқаролар ва тадбиркорлар ўзлари истаган тегишли судга мурожаат қилиши учун имконият яратилади. Маъмурий судларда “дастлабки эшитув” институти киритилмоқда, бу эса ишларни судда кўриш сифатини оширади.
Қонунда давлат органларининг масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, давлат органи мансабдор шахсининг суд мажлисида иштирок этиши мажбурий этиб белгиланмоқда. Бундан ташқари, “ишончнинг ҳуқуқий ҳимояси” принципи мустаҳкамланмоқда, яъни давлат органининг хатоси учун жавобгар тадбиркор эмас, балки ўша орган бўлишини англатади.

Иқтисодий судлар тизими ҳам мақбуллаштирилиб, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ўрнига туманлараро иқтисодий судлар ташкил этилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун инвестиция муҳитини яхшилаш, коррупциявий омилларни камайтириш ва инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА