Сайёҳларни мафтун этаётган бетакрор муҳит
Қадимий тарих, бетакрор меъморий обидалар ва асрлар силсиласидан ўтиб келаётган бой маданий мерос маскани бўлган Бухоро бугун нафақат ўзининг кўҳна ёдгорликлари, балки миллий руҳни тараннум этувчи муҳити билан ҳам меҳмонларни ҳайратга солмоқда. Энди шаҳарга ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ Бухорони нафақат кўзлари билан томоша қилади, балки унинг миллий мусиқа оҳангларини ҳам тинглайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз маданият, санъат ва адабиёт соҳаси вакиллари билан ўтказилган учрашувда белгиланган вазифалар ҳамда давлат раҳбарининг 2026 йил 2 июндаги “Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоятида кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ана шундай ташаббуслардан бири сифатида бугун вилоятдаги халқаро аэропорт, темир йўл вокзаллари, меҳмонхоналар, ресторанлар ва туристик хизмат кўрсатиш объектларида миллий куй-қўшиқлар мунтазам янграмоқда. Бу эса сайёҳларнинг Бухоро ҳақидаги илк таассуротлари янада ёрқин бўлишига ҳисса қўшмоқда.

Айниқса, халқаро аэропорт ёки темир йўл вокзалига қадам қўйган меҳмонларнинг қулоғига чалинаётган дилбар мақомлар, халқ куйлари ва миллий мусиқа намуналари уларни гўё ўзбек халқининг кўп асрлик маданияти бағрига чорлайди. Мусиқанинг жозибали садолари меҳмонларда илиқ кайфият уйғотиб, уларни тарих ва анъаналар уйғунлашган муҳит билан қарши олади.
Шаҳардаги катта ва кичик меҳмонхоналарда ҳам миллий мусиқа алоҳида муҳит яратмоқда. Сайёҳлар дам олаётган вақтда ўзбек миллий чолғулари наволари, мумтоз қўшиқлар ва халқ оҳанглари янграб, уларга мамлакатимизнинг бой маънавий меросини ҳис қилиш имконини бермоқда. Ресторанларда миллий таомлардан баҳра олаётган меҳмонлар эса лаззатли таомлар билан бир қаторда ўзбек мусиқа санъатининг ноёб намуналаридан ҳам завқ олмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, туризм соҳасида мусиқий муҳит яратиш дунё амалиётида кенг қўлланиладиган самарали усуллардан бири ҳисобланади. Чунки меҳмоннинг хотирасида нафақат кўрган манзаралари, балки эшитган овозлари ва ҳис қилган туйғулари ҳам муҳрланиб қолади. Шу маънода, Бухорода амалга оширилаётган мазкур ташаббус миллий маданиятимизнинг жонли тарғиботчисига айланмоқда.

Бугун кўҳна ва боқий Бухоро кўчаларида, меҳмонхоналарида ва сайёҳлик масканларида янграётган ҳар бир наво меҳмонларга бир ҳақиқатни англатмоқда: бу юртнинг тарихи қанчалик буюк бўлса, унинг маданияти ва санъати ҳам шунчалик бой ва бетакрордир. Миллий мусиқа садолари остида сайр қилган ҳар бир меҳмон Бухородан нафақат гўзал хотиралар, балки унутилмас таассуротлар билан юртига қайтмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари